Ўзбекистон Экологик партияси ижарага берилаётган Дўстлик боғи юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига депутатлик сўрови юборади. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар қилди.

«Ҳолат аҳолининг эътироз ва муҳокамаларига сабаб бўлмоқда. Бугун шаҳар марказларида яшил боғларни барпо этиш ҳаётий зарурат ва дунё трендига айланган. Аттракционли кўнгилочар парклар эса асосан шаҳарлар ташқарисида жойлаштирилади», — дейилади партия баёнотида.

Қонунчилик талабига кўра шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳалари белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши керак. Шуларни инобатга олган ҳолда мутасаддилар мазкур боғдаги дарахт ва яшилликни сақлаб қолишлари, аттракционлар ўрнатилмаслиги ва боғни реконструкция қилиш лойиҳасини жамоатчиликка тақдимот қилишлари лозим, дея таъкидлади партия.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Экологик партияси ҳар қандай қурилиш ва реконструкция ишлари атроф-муҳитга ва дарахтларга зарар етказмаслик, яшил ҳудудлар камайишига йўл қўймаслик ва жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда амалга оширилиши лозим, деб ҳисоблайди ҳамда фуқароларнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда мазкур масала юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига депутатлик сўровини юборади.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент ҳокими Шавкат Умурзоқов 26 мартдаги қарори билан Дўстлик (собиқ Бобур) паркини 49 йилга Ғафур Ғулом паркини реконструкция қилган BPM Smart Decision Management компаниясига ижарага берган. Инвестор реконструкция учун камида 10 млн доллар киритиши лозим. Бу ҳақда BMP Smart Decision Management директори Отабек Мирзажонов ва Тошкент шаҳар Маҳаллалар уюшмаси раиси Фурқат Маҳмудхўжаев 19 апрель куни уюштирилган пресс-тур доирасида айтиб ўтди (Маҳмудхўжаев тадбирга шаҳар ҳокимлиги номидан келганди). Ҳоким қарори ҳақидаги ахборот ҳаққоний эканини «Газета.uz»га Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳам тасдиқлади. Қарор аҳоли билан муҳокама қилинмаган.

Аввалроқ «Адолат» партияси Тошкент ҳокимлигини Абдулла Қодирий ва Бобур номидаги истироҳат боғларини ижарага бериш каби муҳим қарорларни қабул қилишдан олдин ўрганиб, жамоатчилик фикрини инобатга олишга чақирганди.