Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини «обрўсизлантириш ва ҳақорат қилиш мақсадида» иш фаолиятига оид фото ва видеоларни интернетда эълон қилганлик учун жавобгарлик жорий этиш таклиф қилинди. 28 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда тегишли қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Хусусан, Ички ишлар вазирлиги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 195−2-моддани киритишни таклиф қилмоқда, унга кўра ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажариши вақтида олинган сурат ва видеоларни уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида интернетда жойлаштириш базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари миқдорида (1 декабрдан — 17 миллион сўм) жарима солишга ёки 15 суткагача қамоққа олишга сабаб бўлади.

Депутат Дониёр Ғаниев ҳуқуқ-тартибот идораларида аҳоли ва юрт хавфсизлигини таъминловчи минглаб ватанпарвар ходимлар фаолият юритаётгани, бироқ улар орасида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузаётган ходимлар ҳам борлигини таъкидлади.

«Эртага улар мана шу нормани суиистеъмол қилиб, фуқароларнинг ҳуқуқларини бузиш учун бошқа мақсадларда фойдаланишлари ва уларга қўпол муносабатда бўлишлари мумкин. Бу ходимларнинг руҳий ҳолатини яхшилашга олиб келиши мумкин деб ўйлашингиз мумкин. Йўқ, бу акс натижа беради. Биз ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, хусусан, ички ишлар ходимлари фуқароларнинг ҳақиқий таянчи, дўсти ва ҳимоячиси бўлган институтга айланишини истаймиз», — деди у.

Парламент аъзосининг сўзларига кўра, агар шундай меъёр қабул қилинса, «фуқароларнинг ички ишлар органлари ходимларига нисбатан бўлган ҳурматини қўрқув, ишончини шубҳа, севгиси ўрнини нафрат эгаллашига хизмат қилади».

Дониёр Ғаниев қонун лойиҳасини иккинчи ва учинчи ўқишда муҳокама қилиш чоғида ҳамкасбларидан ушбу модда юзасидан ҳам фикр билдиришни сўради.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг март ойида Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг розилигисиз фаолияти акс этган фотосуратлар ва видеоларни интернетда жойлаштиришни тақиқлашни таклиф қилган эди. Бунинг асоси сифатида президентнинг ёпиқ фармони борлиги айтилган. Жамоатчилик бу таклифни «орқага қадам» деб ҳисоблаганди.