Олий Мажлис Сенатининг 19 январь куни бўлиб ўтган ялпи мажлиси кун тартибига ички ишлар органлари ходимларининг иш фаолиятига оид фото ва видеолавҳаларни «обрўсизлантириш мақсадида» интернет тармоғида эълон қилганлик учун жавобгарлик назарда тутилган қонун киритилмади. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Жума куни Сенат дронларни олиб кириш ва улардан фойдаланиш учун жазони енгиллаштирувчи, парламент ваколатларини ўзгартириш, «яшил сертификат»ни жорий этиш ва бошқа қонунларни кўриб чиқди.

Қонунчилик палатаси 28 ноябрь куни йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш муносабати билан қонун қабул қилганди. Ҳужжатда, жумладан, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини «обрўсизлантириш мақсадида» сурат ва видеоларини интернетга жойлаганлик учун жазолаш тўғрисидаги банд ҳам ўрин олганди.

Регламентга кўра, Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун 10 кун ичида Сенатга кўриб чиқиш учун юборилади.

Парламент қуйи палатасининг 28 ноябрдаги қарорида айтилишича, агар Сенат ушбу қонун Сенатга келиб тушган кундан бошлаб 60 кун ичида тегишли қарор қабул қилмаса, бевосита президентга юборилади.

Қонунчилик палатасининг «Газета.uz»га маълум қилишича, улар қонунни белгиланган муддатда тақдим этган. Биздаги маълумотларга кўра, ҳужжат 2023 йил 5−6 декабрь кунлари Сенатга юборилган бўлиши керак.

Шундай қилиб, агар Сенат 5−6 февралгача йиғилиш ўтказмаса ва ушбу қонун юзасидан қарор қабул қилмаса, у президентга имзоланиш учун юборилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ депутат Дониёр Ғаниев мазкур қоида (уни бузиш БҲМнинг 50 баробари миқдорида (17 млн сўм) жарима солишга ёки 15 суткагача қамоққа олишга сабаб бўлади) Ўзбекистон президенти томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсатига, «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» тамойилига зид эканини, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идораларида аҳоли ва юрт хавфсизлигини таъминловчи минглаб ватанпарвар ходимлар фаолият юритаётгани, бироқ улар орасида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузаётган ходимлар ҳам борлигини таъкидлаган.

Шунингдек, у қонунчиликда ушбу ҳуқуқбузарлик учун моддалар аллақачон мавжудлигини билдириб ўтган.

Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси 11 январь куни қонун лойиҳаси муҳокамасини ташкил этган. Журналистлар қонуннинг суиистеъмол қилиниш хавфи борлигини кўрсатиб, мазкур қоидага қарши чиққан. Сенатор ва Ички ишлар вазирлиги вакиллари ушбу тузатишнинг аҳамиятини оқлашга ҳаракат қилган.