Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 28 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда ички ишлар органлари ходимларининг иш фаолиятига оид фото ва видеолавҳаларни «обрўсизлантириш мақсадида» интернет тармоғида эълон қилганлик учун жавобгарлик назарда тутилган қонунни иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилиб, ҳужжатни Сенат муҳокамасига юборганди.

11 январь куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси мажлисида бу қонун, яъни йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши мақсадида Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи ҳужжат дастлабки тарзда муҳокама қилинганди.

15 январь куни Сенат қўмитаси ОАВ ва блогерлар иштирокида қонунни муҳокама қилиб, саволларга жавоб қайтарди. «Газета.uz» муҳокамаларнинг айнан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари тасвирларини «обрўсизлантириш мақсадида» тарқатиш билан боғлиқ қисми бўйича маълумот беради. Қуйида муҳокамаларнинг асосий қисми билан танишиш мумкин.

Йиғилиш бошида қўмитанинг қонун кўриб чиқилган дастлабки йиғилиши ижтимоий тармоқларда кенг ёритилгани ва муҳокамаларга сабаб бўлгани таъкидланди.

«Табиийки, ижтимоий тармоқларда билдирилган муносабатлар ҳам салбий, ҳам ижобий муносабатларни қамраб олади. Davletovuz, Xushnudbekuz каби каналларда билдирилган баҳсли мулоҳазалар, айниқса, эътиборга молик бўлди. Шу боисдан бугунги ишчи гуруҳ йиғилишига қонун ижодкорлари, мутахассислар, экспертлар ва олимлардан ташқари оммавий ахборот воситаларини ҳам таклиф этганмиз. Қонуннинг муҳокамаси якунланиб, барча савол жавоблар тугаганидан сўнг ОАВ вакиллари ва интернетдаги каналлар муаллифларининг ҳам саволларига мутахассисларимиз билан биргаликда жавоб берамиз», — деди Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Кутбиддин Бурханов.

Кутбиддин БурхановКутбиддин Бурханов

Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарход Боқиев қонун билан киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалардаги бир қатор нормаларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади, лекин бир модда бўйича саволлари борлигини таъкидлади:

Ҳақиқатан ҳам бугун мастлик билан боғлиқ, тезликни ошириш ва ҳоказо масалалар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг ортиб бориши, бунинг ортидан бегуноҳ инсонларнинг ҳаёти билан боғлиқ масалалар ҳам ортиб бораётгани жуда ҳам аянчли. Мана шу нуқтаи назардан бу масалаларга эътирозимиз йўқ. Лекин бир модда нуқтаи назаридан мен Ички ишлар вазирлигининг, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакилларининг позициясини, фикрини билмоқчиман: Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 195 прим 2 моддаси ҳақида.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ маълумотларни уларни обрўсизлантириш мақсадида Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириш масаласи ҳақида гап кетяпти.

Конституциянинг муқаддима қисмида биз халқимизнинг мақсади, ниятини қўйганмиз, унда «инсон, унинг ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш йўлидаги масъулиятимизни англаймиз», деган жойи бор. Шу билан бир қаторда бу мақсадлар конституция моддаларида муҳрланган.

Иккинчи моддада «давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар», дейилади.

Ўн тўртинчи моддада «Давлат ўз фаолиятини инсон фаровонлигини ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида қонунийлик, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари асосида амалга оширади», дейилади.

Ўттиз учинчи моддада ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга эканлиги, ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга эканлиги баён этилган.

Йигирманчи моддада алоҳида шундай норма бор, «инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади». Яна бир қатор конституция нормаларини айтиб ўтиш мумкин.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йилдан бошлаб «Ҳаракатлар стратегияси»га старт берилганда, халқ давлат идораларига эмас, давлат халққа хизмат қилиши керак, деган тамойил давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ва бугунги кунда очиқлик сиёсати қай даражада илдамлаганини ҳам барчамиз кўриб турибмиз.

Савол шундай келиб чиқяптики, 195 прим 2 да айнан шу масала, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202 прим 2 моддасида «ёлғон ахборот тарқатиш» [учун жавобгарлик] алоҳида белгилаб қўйилган. Жиноят кодексининг 244 прим 6 моддада «ёлғон ахборот тарқатиш» аломатларининг барчаси кўрсатиб ўтилган.

Биринчидан, бу ерда яна алоҳида ички ишлар ходимларининг бундай иммунитет ҳосил қилишига олиб келган асосий омил нимадан иборат? Иккинчидан, агар 2023 йилда фото ва видео тарқатилганлиги ҳисоботидан шу нарса келиб чиқаётган бўлса, ички ишлар ходимининг обрўси ва шахси нуқтаи назаридан нечта шундай видео тарқатилган? Уларнинг қанчасида фуқаро ҳақ бўлиб чиққан? Нечтасида ички ишлар органи ходимлари ҳақ бўлиб чиққан?

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Хушнуд Худойбердиев ҳам йиғилишда онлайн қатнашиб, ўз саволларини берди:

Гап агар ижтимоий тармоқларда бўлган эътирозлар ҳақида бўладиган бўлса, асосий эътирозлар қонуннинг айнан битта моддаси ҳақида бўлди. Қонуннинг йўл ҳаракатига оид барча қисмини жамоатчилик қўллаб қувватлади. Шахсан ўзим ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Биз буни анчадан буён кутаётган ҳам эдик, жуда кўп тарғиб қилган эдик, қачон бўлади деб саволлар бергандик.

Маст ҳолда машина ҳайдаганларга жавобгарлик кучайтирилиши ҳам, жарима балларининг қўлланилиши ҳам, автомактаб билан боғлиқ қисмларини ҳам — ҳаммаси зўр, бу кутилган қонун ва уни қўллаб-қувватлаймиз. Аммо асосий эътироз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини видео ёки фотосуратга олиб, интернетга жойлаганлик учун маъмурий қамоқ даражасигача бўлган жавобгарликни белгилаш ҳақидаги қисмига эди. Умуман масаланинг моҳияти шу эди. Ҳозир неча нафар одам ўлгани, ҳайдовчиларни тарбиялашимиз кераклиги, аҳвол чатоқлиги ҳақида гапиряпмизда, худдики шу билан мана шу моддани хаспўшлаётгандек бўлиб қоляпмиз.

Хушнуд Худойбердиев.Хушнуд Худойбердиев.

Ваҳоланки одамлар ўлишига интернетга видео жойлашни алоқаси йўқ, видео жойлашни тақиқлаб қўйсак одамлар ўлмай қолади деган тушунча йўқ, ёки видео жойлашни тақиқлаб қўйсак қизил чироқда ҳеч ким ўтмайди, ҳайдовчиларимиз маданиятли бўлиб қолади, деган гап ҳам йўқ. Булар умуман бир-бири билан боғланмайдиган бошқа-бошқа масалалар. Бу билан кўп ҳам чалғимаслигимиз керак. Асосий савол қуйидагича: нима учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига алоҳида битта модда киритилиб, уларни видео ва фотога олиб, интернетга жойлашни тақиқлаш ният қилинган?

Фарход ака юқорида бундай ҳолатлар неча марта кузатилгани ҳақида яхши савол берди. Бу саволга Сенат ўзининг сайтида жавоб берган. 2 йил давомида 253 та видео ёки фото суратга олиб тарқатиш ҳолати кузатилган ва шундан 102 таси, яъни 40 фоизи ёлғон, 60 фоизи эса рост бўлиб чиққан.

Икки йилда 102 та ҳолат бу бир йилда 51 та ҳолат дегани. Бир ойда 4−5 та бундай ҳолат бўляпти. Бир йилда йўлларда 2−2,5 минг одам ўляпти. Бу бир кунда 6−7 та одам ўляпти дегани, яъни шу ерда гаплашаётган вақтимизнинг ўзида қаердадир бирон ватандошимиз вафот этган бўлиши мумкин. Бу жуда катта ва аянчли рақам, шунинг учун буни тартибга солишга эҳтиёж бор. Шунинг учун мана шу қонуннинг катта қисми қабул қилиняпти. Буни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.

Лекин бир ойда атиги 4−5 та, бир йилда эса 51 тагина ҳолат кузатилаётган нарса учун одамларимиз, фуқароларимизнинг конституцияда белгилаб қўйилган ахборот эркинлигига зид нормани киритиш ақл ҳам, мантиққа ҳам тўғри келмайди.

Шунинг учун ҳам илтимос қилардим, одамлар ўлишини, йўллардаги ҳолатни умуман бунга қўшиб юборманглар. Бир-бири билан боғланадиган ҳеч қандай жойи йўқ. Бу шунчаки тизимдаги коррупционер, ўз ишини яхши билмайдиган, қонунларни бузадиган ходимларнинг видеолари, расмлари чиқиб кетиб, ўзларининг муаммо ва камчиликлари ошкор бўлишидан қўрқиб ўйлаб топилган қонун.

Сабаби, агарда кимдир орган ходими ҳақида ёлғон видео жойлаган бўлса, ўша одамни бемалол жавобгарликка тортса бўлади. Бунинг бир нечта қонуний асосларини Фарход ака ўқиб бердилар. Шунинг учун бу қонунда ҳеч қандай маъно-мантиқ йўқ, деб ўйлайман. Оғриқли ва афсусли томони шундаки, сенаторлар қонунга ўзгартириш кирита олмайди ва агар улар битта мана шу «аҳмоқона» модда туфайли қонунни қайтарадиган бўлса, 99 фоизи зўр ёзилган қонунимиз ҳам ортга қайтишга мажбур бўлади.

Лекин, менимча, барибир бу қонунни қайтаришимиз керак бўлади. Албатта, буни сенаторларимиз ҳал қилишади. Шунинг учун кўриб чиқиб, мана шу саволларни йиғиб, муҳокама қилиб, фуқароларнинг ахборот эркинлигига хилоф равишда қабул қилинаётган модда туфайли қонунни ўтказиб юбормаслигингизни ва қайтаришингизни илтимос қилардим.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Кутбиддин Бурханов бунга жавобан қуйидаги гапларни айтди.

Билдирган фикрларингиз учун раҳмат. Мен ижобий ёки салбий бўлишидан қатъий назар барчага ўз фикрини билдиргани учун миннатдорчилик билдираман. Лекин бу катта йиғилишда, парламент қўмитаси йиғилишида қонунни ҳақорат қилишдан ўзингизни тийишингизни сўраб қоламан. Аҳмоқона эмас. Чунки қонунчилик палатаси қабул қилган қонун ҳақида сал ўйлаб гапириш керак бўлади, ҳурмат қилиш керак, қонун устуворлигини таъминлаш керак.

Ошкоралик масаласида фикр билдиринг, биз сизга жавоб берамиз. Ҳозирча сизга юрист сифатида тушунтириб беришим мумкин. Давлат томонидан ҳар қандай ҳуқуқ бузилиши ҳолатларининг олдини олиш чоралари кўрилади. Бунинг жамиятда бўлган муаммоларни ҳал қилувчи қонунлар қабул қилинади. Шу қонун қабул қилинди, келиб тушди.

Сизнинг касбингизни билмадим, агар юрист бўлсангиз, юристлар яхши билади, бу ердаги бошқа юристлар ҳам ўз фикрини билдиради: Ҳар бир ҳуқуқ бузилишининг ёки жиноятнинг субъектив томони бор. Бу ерда қонун биринчи сафар халқнинг норозилигига олиб келган жойи қонунчилик палатасида биринчи ўқишда «суратга олиш ва жойлаштириш» дейилганди. Ҳозир у сўз йўқ. Қонунда фақат «ғараз мақсадларда фото, видеога олиш ва тарқатиш» дейиляпти. Демак гап олдиндан ёмон мақсад, шарманда қилиш мақсади, обрўсизлантириш мақсади ҳақида кетмоқда.

Бу тушунчани профессоримиз, юридик фанлар доктори Акбар Расулов тушунтириб бердилар. Шунинг учун, баъзида билмаган ҳолатларимизни олимлар гапирганда қулоқ солиш керак бўлади. Бу сизнинг бир ўзингизнинг фикрингиз. Биз фикрингизни ҳурмат қиламиз, ўзингизни ҳам ҳурмат қиламиз. Лекин қарорни бу ерда ўтирган Сенат қўмитаси аъзоларигина қабул қилишади.

Шундан сўнг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров саволга жавоб берди:

Бу қонун устида 1,5 йилдан бери ишлаяпмиз. Айнан шу модданинг муҳокамаси жуда кўп бўлди. Сиз айтиб ўтган рақамларга тўхталиб ўтадиган бўлсак, қолганлари бўйича ҳам ўрганиш ишлари олиб бориляпти, тўхтагани йўқ. Қонун диспозициясига ҳам, санкциясига ҳам тўхталмайман, бу ҳақда бир неча бор гапирилди.

Мен бир нарсага амин бўлдимки, мана шу қонун лойиҳаси ижтимоий тармоқларда тарқатилганидан кейин, жамоатчилик [муҳокамаси]га қўйилганидан кейин бизга мурожаат қиладиганлар кўпайди. Бизда инспекция ва бошқа шу билан шуғулланадиган ўз ташкилотларимиз бор. Бизга бундай ҳолатларни олиб келишяпти, биз эса бузмаган ҳолда, бор ҳолатда кўриб чиқяпмиз. Ҳеч қайси фуқаронинг ҳуқуқи чеклангани йўқ.

Қайтанга, бизга ўшани олиб келиб, олдини олгани фойдали. Буни ижтимоий тармоқларда нотўғри кўрсатгандан кўра, тўғри, бор нарсани олиб келса, биз хизмат текшируви ўтказиб, керакли жазо чораларини қўллаймиз. Бундай ҳолатлар билан бизнинг инспекция жуда ҳам жиддий шуғулланмоқда. Ҳар бир ҳолатнинг ичига кириб, охиригача етказиб, ким ҳақ, ким ноҳақлигини белгилаб, ноҳақ бўлган ходимларга нисбатан тегишли чоралар кўриляпти. Ҳатто ички ишлар идораларидан бўшатилган ҳолат ҳам мавжуд.

Фақат бу ерда бир нарсани тўғри талқин қилишимиз керак: Фақат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари эмас, барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар назарда тутилмоқда.

Эрали Бозоров ва Бахтиёржон Муродов. Фото: Сенат.Эрали Бозоров ва Бахтиёржон Муродов. Фото: Сенат.

Шундан сўнг Ички ишлар вазирлиги Академияси Жиноят ҳуқуқи кафедраси доценти Акбар Расулов саволга жавоб қайтарди:

Турли фикрлар, салбий ва ижобий фикрлар билдирилмоқда. Мен шов-шувга сабаб бўлаётган 195 прим 2 модда ҳақида тўхталиб ўтмоқчи эдим. Авваламбор ушбу модданинг мазмун-моҳиятини ҳамма учун тушунарли даражада ёритиб бермоқчи эдим. Бу моддада белгиланган ҳуқуқбузарликнинг асосий белгиси авваламбор субъектив томони ҳисобланади. Яъни фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимини обрўсизлантириш мақсадида жойлаштирилсагина жавобгарлик белгиланяпти.

Ундан ташқари, ўша фото ва видео тасвирлар ноаниқ, бузиб, ёлғон қилиб кўрсатилсагина жавобгарлик назарда тутиляпти. Яқин орада ижтимоий тармоқларда бозорда ички ишлар ходими электрошокердан фойдалангани видеоси тарқалди. Ҳолат юзасидан ўтказилган текширувлар натижасида ўша ички ишлар органи ходими ўша махсус воситани қонуний ишлатгани аниқланди. Яъни мана шу ерда видео тасвир ноаниқ қилиб кўрсатилган. Яъни фақатгина ўша қўлланилган пайтдагина кўрсатилди, лекин ундан олдинги ҳаракатлар кўрсатилмаган. Бу ҳолат ноаниқ видеотасвир деб назарда тутилади. Буни оддий бир мисол сифатида келтирмоқчи эдим.

Бундан ташқари, нима учун 202 прим 2-модда борлигига, туҳмат учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи моддалар борлигига қарамай, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўзи учун алоҳида модда яратди, деган фикр айтиб ўтилди. Ундан кейин ўзининг ноқонуний хатти-ҳаракатларини, билимсизлигини яшириш учун жавобгарлик назарда тутиляпти деган фикрлар билдирилди. Мен бу фикрларга қўшилмайман.

Алоҳида норма ҳуқуқ назариясида махсус норма дейилади. Туҳмат учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалар — умумий моддалар. Яъни ҳар қандай ҳолатни қамраб олувчи моддалар ҳисобланади. Маъмурий ҳуқуқ доктринасида, жиноят ҳуқуқи доктринасида айрим ҳолатларда умумий нормадан махсус нормани ажратиш талаб этилади. Масалан, оқибатлари билан боғлиқ ҳолатлари алоҳида моддада назарда тутилиши мақсадга мувофиқ бўлиб қолади.

Бу модданинг алоҳида моддага ажратилишининг асосий сабабларидан бири — унинг оқибатлари. Мен эътиборингларни бунинг салбий оқибатларига қаратмоқчи эдим. Масалан 202 ёки туҳмат учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалардаги қилмишлар бевосита аниқ шахсларга нисбатан содир этилишини назарда тутади. Яъни ўзининг қандайдир шахсий муносабати, келишмовчилиги ёки адовати натижасида содир этилганлигини назарда тутади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимига нисбатан содир этилиб, уни обрўсизлантириш мақсадида оммага тарқатилса, халқда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, бутун орган тизимига нисбатан салбий муносабат шаклланишига олиб келиши мумкин. Бунинг оқибатлари жуда ҳам оғир. Чунки аҳолини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга нисбатан салбий муносабати оқибатида ишончсизлик вужудга келиши мумкин. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга нисбатан халқ ишонмаса қандай қилиб ўша органнинг асосий вазифаси — фуқаро, жамият ва давлат манфаатларини ноқонуний тажовузлардан, жиноий тажовузлардан, ноқонуний хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилиш вазифасини қандай қилиб улар тўла-тўкис бажара олади? Бу вазифа бажаришни мураккаблаштиради-ку.

Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга халқ ишонмаса, ўзининг бузилган ҳуқуқларини органлардан эмас, бошқа йўллар орқали ҳимоя қилишни истай бошлайди. Масалан, «самосуд» ҳолатлари кўпайиб кетмоқда. Бу дегани ўз ҳуқуқини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга нисбатан ўзбошимчалик билан бошқа фуқароларни содир этган ҳаракатларида гумон қилиб ёки айблаб ўзи уни жазолаяпти. Бунда бутун давлатимизда ўрнатилган тизим, тартиб, интизом бузилади-ку. Бунинг оқибатларига сал кенгроқ қараш керак.

Бу ерда фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг шахси эмас, ундан муҳимроқ манфаатлар турибди. Бутун халқ, бутун аҳоли учун муҳим бўлган манфаатлар турибди. Мана шунга эътиборингларни қаратмоқчи эдим.

Акбар Расуловнинг жавобидан сўнг Кутбиддин Бурханов унга масалани «илмий асослаб» бергани учун миннатдорчилик билдирди.

Шундан сўнг у қуйидаги фикрларни билдирди: Ички ишлар вазирлиги берган ахборотга кўра, 2022, 2023 йилларда ўз хизмат вазифасини бажараётган йўл патруль хизмати ходимлари 253 марта фуқаролар томонидан фото ва видео тасвирларга олиниб, интернет тармоқларига тарқатилган. Мазкур видеотасвирларнинг барчаси Ички ишлар вазирлигининг масъул бошқармалари томонидан ўрганиб чиқилган. Ўрганилган видеотасвирларнинг 102 тасида ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларини ўзлари бузган бўлса-да, ходимларнинг хатти-ҳаракатларига нотўғри изоҳ берган ҳолда ижтимоий тармоқларга жойлаштирган. Бундан ташқари, видеотасвирларни олаётган ҳайдовчиларнинг аксарияти йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун йўл-патруль хизмати ходими томонидан тўхтатилгани, қоидабузарликнинг маъмурий баённомасини расмийлаштириш учун қаршилик кўрсатиб, тасвирга олинганлиги, шундан сўнг нотўғри изоҳлар берилиб, ижтимоий тармоқларга тарқатилаётганлиги маълум бўлмоқда.

Таъкидлаш лозимки, видеотасвирларни ўрганишга 2−3 кунлаб, айрим вақтларда эса ҳафталаб вақт сарфланади. Бу каби ҳолатлар эса ходимларни халқ орасида обрўсизлантиришга олиб келмоқда. Ушбу йўналишдаги хорижий тажрибалар ўрганилганда қатор ривожланган давлатлар қонунчилигида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимини суръатга олиш тақиқлангани, муайян чоралар белгиланганини кўриш мумкин.

Масалан, Буюк Британияда кўчаларда ёки биноларида хизмат вазифаларини бажараётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини уларнинг розилигисиз суратга олишни тақиқловчи норма мамлакат парламенти томонидан 2000 йилда тасдиқланган. Мазкур норма терроризмга қарши қонуннинг бир қисми сифатида қайд этилган.

Мазкур нормага кўра хизмат вазифаларини бажараётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимини унинг розилигисиз камера, видеокамера ёки мобил телефон орқали тасвирга олган ёки тасвирга олишга уринган шахс ҳибсга олиниши ва кейинчалик 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Германияда полиция ходимларини суратга олиш тақиқланган эмас, бироқ ушбу фотосуратлар ёки видеоларни ижтимоий тармоқлар ва Интернетга жойлаштириш тақиқланган. Францияда бир ва бошқа операциялар давомида полиция ходимлари ёки жандармларнинг шахсини идентификация қилишга ёрдам берадиган тасвирларни тарқатиш бир йиллик қамоқ ва 45 минг евро жарима билан жазоланишини аниқ кўрсатадиган қонун лойиҳаси бугунги кунда парламентда муҳокама қилинмоқда.

Кўриниб турибдики, кўплаб давлатлар қонунчилигида ички ишлар ходимларининг хизмат вазифасини амалга ошириш чоғидаги фаолиятини суратга ёки тасвирга олиш ҳамда ижтимоий тармоқларда тарқатиш тақиқланган ва бунинг учун тегишли чоралар кўрилиши мустаҳкамланган. Миллий қонунчилигимизда эса ички ишлар ходимларини тасвирга олиш тақиқланмаяпти, фақат олинган фото ва видеотасвирларни уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида тарқатиш тақиқланмоқда ва жавобгарлик белгиланмоқда.

Шундан сўнг Daryo.uz мухбири Мусулмонбек Иброҳимов қуйидагича савол берди:

Бир неча йил аввал автомобилларнинг ойналари тусини ўзгартириш бўйича қонунга ўзгартириш таклифи берилганда, ички ишлар органларидаги масъулларимиз «агар уларга рухсат берсак, [улар машина] ичида нима қилаётганини қаердан биламиз», деган фикрни айтишганди. Бунга кейинчалик рухсат берилди, лекин ҳуқуқбузарлик ошиб кетгани йўқ, жиноятчилик кўпайиб кетгани йўқ. Бу нормани ҳам мен худди шундай норма деб ҳисоблайман. Хушнуд аканинг фикрларига 100 фоиз қўшилган ҳолда айтмоқчиманки, биз агар [ИИО ходимини] ҳақорат қилсак ёки обрўсига путур етказсак, у бизни маъмурий судга бериши керак.

Нечта ички ишлар ходими ўз обрўсини ҳимоя қилиб маъмурий судларга мурожаат қилган? Нечта одамнинг устидан чора кўрилди? Менимча ҳам бошқа нормаларда бор нарсани яна бошқа нормада кўрсатиш — мантиқсизлик. Бу йиғилиш ҳам мана шу моддани ҳимоя қилиш учун ўтказилаётган йиғилишдек тасаввур уйғотяпти.

Профессор Акбар Расулов агар қонун қабул қилинмаса бу ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга халқ ишончмаслигига олиб келиши мумкин, деган фикрни айтяпти. Буни жамиятшунослар аниқ фикрлаб айтиши керак. Бундай бўлиб кетиши мумкин, бундай бўлиб кетиши мумкин деган фикрлар Сенат йиғилишида айтиладиган фикрлар эмас. Аниқ айтилиши керак, мана шунча ҳуқуқбузарлик бўлди, бунга мана шу сабаб бўлди, деб. Биз ўргандик, таҳлил қилдик, жамиятшунослар ўрганяпти, психологлар ўрганяпти, шундай хулосаларга келяпти, деган аниқ фикрлар керак.

Бундан ташқари, Европа полиция тизимига ўтган, бизнинг қонунчилик билан уларнинг қонунчилиги бутунлай фарқланади. Европа жамияти ҳам умуман бошқа, бизнинг жамият умуман бошқа. Агар Европа фуқароларига мос тизим олиб келинадиган бўлса, яхши нарсаларни олиб келишимиз керак.

Мусулмонбек Иброҳимов саволига «Севимли» телеканали журналисти Дилфуза Эсонова ҳам қўшимча қилиб, қуйидаги фикрларни айтди:

Ўтган сафарга мажлисда экспертлар асосан қўллаб-қувватловчилар бўлди. Биз очиқ фуқаролик жамиятида яшаяпмиз, блогерлар ҳам ўзининг фуқаролик позициясини билдирмоқда. Биргина воқеани эсга олайлик. Самарқанддаги газ масаласи бўйича воқеада аёллар борган вақт ички ишлар ходими ўзи погонни юлиб, айбни аёлга тўнкамоқчи бўлганди. Лекин ҳолатни ёнида турган шахс видеога олгани учун ҳақиқат юзага чиқди. Ички ишлар тизимида виждонан ишини бажарадиганлар бор. Лекин ваколатини мана бундай суиистеъмол қиладиганлар ҳам бор. Фарход ака айтганларидек, конституцияда инсон манфаатлари билан боғлиқ нормалар бор. Бу қонун конституция билан қанчалик уйғун?

Саволга Кутбиддин Бурханов қуйидагича жавоб берди:

Яна бир бор таъкидлайман. Қонунда видео ёки суратга олиш тақиқланмаяпти. Олсин, лекин ундан ғараз мақсадларда, обрўсизлантириш, шарманда қилиш мақсадида фойдаланган тақдирда жавобгарликни назарда тутяпмиз. Масалан, сизни ёки мени эртага билиб туриб қасддан обрўсизлантирадиган бўлса, чора кўрамизми йўқми? Шу тўғрисида гап кетяпти, ҳеч ким қаршилик қилаётгани йўқ. Қонун тақиқламаяпти. Биринчи ўқишда қабул қилинганда ижтимоий тармоқларда суратга олиш тақиқланяпти деган гап чиққан эди. Сенатга келиб тушган қонунда тақиқланмаяпти, олсин, марҳамат.

Хизмат вазифасини бажараётган ходимни исталган жойда, исталган вақтда тасвирга олсин, лекин бундан ғараз мақсадда фойдаланиш учун жавобгарлик белгиланяпти. Бу бутун дунё миқёсидаги нормалар деб ўйлайман. Бизнинг вазифамиз ҳам, сиз айтаётган конституцияда ҳам асосий мақсад ҳам жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш. Содир бўлганидан кейин унинг жавобгарлигини ҳал қилиш эмас, жамиятда келиб чиқаётган негатив ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида шу қонун қабул қилиняпти.

Кейинчалик мулоқотга юридик фанлари доктори Бахтиёр Муродов қўшилди:

Жамоатчиликка бу қонунга қизиққани учун миннатдорчилик билдирамиз. Шу билан бир қаторда бир нарсага ойдинлик киритиб олсак. Иброҳим ака, (Daryo.uz журналисти Мусулмонбек Иброҳимов назарда тутилмоқда — таҳр.) шу қонун лойиҳасини ўқидингизми? Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202 прим 2 моддаси билан фарқини тушуниб етдингизми? Тушуниб етайлик-да аввал. Кейин савол берсак, ўринли бўлади.

Ижтимоий тармоқда фикр бераётган 90 фоиз одам афсуски қонун нормасини ўқимасдан туриб муносабат билдиряпти. Ҳамкасбим нима учун махсус норма киритилишини тушунтирди. Бозор билан боғлиқ ҳолатда жиноят содир этган шахсни қувиб бориб, ушлаш жараёнида электрошокер қўллаяпти-да, ўша жараённинг ўзини [видеога] олиб беряпти. Жамоатчиликда нотўғри фикр шаклланишига сабаб бўляпти.

Бахтиёр Муродов. Фото: Kun.uzБахтиёр Муродов. Фото: Kun.uz

Ички ишлар органлари тўғрисидаги қонуннинг 9-моддаси бор. Унда биз фаолиятимизда очиқлик ва шаффофлик принципига риоя қилишимиз шартлиги айтилади. Шу нуқтаи назардан биз жамоатчилик билан фаол ҳамкорлик қилишга киришишимиз керак. Бир нарсани биз доим эътироф этамиз, жиноятчиликнинг олдини олишда ҳам, унга самарали қарши курашишда ҳам, айбдор шахсни аниқлаб, уни жазолашда ҳам жамоатчилик билар ҳамкорликка киришмасак, ишимиз самарали кечмайди. Бизнинг жамоатчиликдан юз ўгиришга ҳаққимиз йўқ. Бу норманинг ҳам бирон жойида тақиқ йўқ, чеклов йўқ. Фақатгина ўша ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимининг шахси турибди бу ерда, жамият олдидаги обрўси турибди, эртага жамоат тартибини таъминлаш жараёнида қолганлар учун қонуний мажбурий бўлган талабни қўйиш масаласи турибди.

Бу фақат бизда бўлаётгани йўқ. Раисимиз ривожланган Ғарб давлатлари, Япония мисолларини келтириб беряптилар. Бизни қийнаётган нарса, муҳокамага сабаб бўлаётган масала — келиб тушаётган саволларнинг ўзагида аксарият одам қонун мазмунини, тўлиқ моҳиятини тушуниб, ҳазм қилмасдан туриб танқид қиляпти. Чеклов йўқ биронта, бемалол олинг, бемалол тарқатинг. Бу ерда фақатгина обрўсизлантириш мақсадида ёлғон ёки бузиб кўрсатганлик ҳолати бўлсагина жавобгарлик масаласи келиб чиқяпти. Танқид қилишдан олдин қонун нормаларини кўриб чиқсак, менимча мақсадга мувофиқ бўлади.

Статистика масаласи бўйича, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ўз ифодасини топмаган масала юзасидан статистика юритилишининг ўзи нотўғри, бу жорий қилиниб, қонунда ўз ифодасини топадиган бўлса, кейин статистика юритилади ва у мантиқан тўғри бўлади.

Шундан сўнг, Мусулмонбек Иброҳимов ўз саволига ойдинлик киритди:

Электрошокер воқеасини мисол сифатида келтиряпсизлар. Мана шу кейсда видео тарқатилгани хато ёки нотўғрими?

Мулоқотга Кутбиддин Бурханов аралашиб, бу ерда экспертиза кетмаётгани айтиб, журналистдан муҳокама қилинаётган қонун бўйича савол беришни сўради.

«Биз қонунни муҳокама қиляпмиз, сиз ҳозир Сенат тўғрисида ҳам анча гапларни гапириб юбордингиз, мен индамадим. Лекин сал ўйлаб, ақл билан [савол] беринг. Саволни бугун муҳокама қилинаётган қонун бўйича беринг», — деди у.

Кейин диалог қуйидагича давом этди:

Мусулмонбек Иброҳимов: электрошокер ҳақидаги видео тўғрими ёки нотўғрими?
Кутбиддин Бурханов: Сиз муҳокама қилаётган қонун бўйича саволингизни беринг.

Мусулмонбек Иброҳимов: Нотўғри айтяпти-да.

Кутбиддин Бурханов: Сиз унда норозиман денг. Бу ер тортишадиган жой эмас. Сиз билан тортишгани чақирганимиз йўқ. Саволингизни беринг, биз жавоб берамиз. Домла қандай билмаган нарсасини сизга тўғри ёки нотўғри дейди?

Хушнуд Худойбердиев: Кўрмаган, билмаган нарса бўлса нима учун мисол қилиб келтиради?

Кутбиддин Бурханов: Мисолни бу ердагилар кўтарди-ку. Сиз аниқ савол беринг, саволингизга аниқ жавоб олинг.

Kun.uz журналисти Бахтиёр Тўхтаев фуқаро ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари тасвирларини қайси мақсадда тарқатгани қандай аниқланишини сўради.

«Шу соҳада ишлаётган айрим нопок кимсаларнинг ҳаракатлари ҳақида хабар бермоқчи бўлган фуқаролар ноҳақ қамалиб кетмаслигига ким кафолат беради?», — дея қўшимча қилди у саволига.

Кутбиддин Бурханов прокуратура органларида агар ички ишлар органи ходими айбдор бўлса, унга чора кўриш бўйича 100 фоиз ваколат борлигини қайд этди.

Бахтиёр Тўхтаев, шунингдек, бу модда мамлакатдаги очиқлик сиёсатига доғ тушириши ёки йўқлиги ҳақида ҳам савол берди.

Кутбиддин Бурханов бунга жавобан «умуман доғ туширмайди», дея таъкидлади.

Кутбиддин Бурхановдан, шунингдек, «ғаразли» деган сўзга Адлия вазирлиги шарҳ бергани ёки йўқлиги, «ғаразли» деганда айнан нима назарда тутилаётгани сўралди.

Кутбиддин Бурханов эса қонун қабул қилинганидан кейин шарҳ берилишини айтди.

Шундан сўнг Хушнуд Худойбердиев ўз фикрларини билдирди:

Ҳозир бу ерга журналистларни уришгани чақирдингларми, деб ҳайрон қоляпман. Мен ўзим юристман. Жиноят-процессуал ҳуқуқи бўйича Юридик университетда дарс берганман. Шу сабабли қонунларни яхши тушунаман ва бирданига тушунмасликка олиб фикр билдирманглар, илтимос. Биз ҳам қонун нималигини тушунамиз.

Биринчидан, домламиз биронта одам қонуннинг диспозицияси ўқиб кўрмасдан фикр билдиряпти, деди. Қонун лойиҳаси ҳеч қаерда эълон қилинмаган бўлса, қабул қилинган қонуннинг парламентдаги матни ҳеч қаерда эълон қилинмаган бўлса, сенат кўриб чиқаётган қонуннинг матни ҳеч қаерда эълон қилинмаган бўлса, биз осмондан олиб кўриб, фикр билдирамизми? Сиз ёки ваколатли органлар бунинг матнини тўлақонли равишда қаерда эълон қилдингларки, биз кўриб, уни ўқимадик? Ҳеч қаерда эълон қилингани йўқ-ку бу қонун. Биз фақатгина сенатнинг ва қонунчилик палатасининг хабарларида кетган сўзлардан фикрларни олиб, ўқиб, кейин ўз муносабатимизни билдиряпмиз.

Сенатнинг пресс релизида обрўсизлантириш ва ҳақорат қилиш деган сўзни ишлатгансизлар. Обрўсизлантириш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202 прим 2 моддаси диспозициясида турибди: Шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш, деб кетилган.

Сенат пресс релизида ҳақорат қилиш деган сўзни бергансизлар. Ҳақорат қилиш бу алоҳида модда. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳам, Жиноят кодексида ҳам бор. Шунинг учун биз айтяпмизки, агарда бирон видеони бузиб талқин қилган бўлса, ўзгартирган бўлса ёки кимнидир обрўсизлантириш мақсадида чиқарган бўлса, бунга шундоқ ҳам шу кунгача мавжуд бўлган қонунларда жавобгарлик бор-ку. Агарда қаршилик қилиб видеога олган бўлса, қаршилик қилишга ҳам оид модда бор-ку. Яна нима учун бу моддани қўшиш зарур бўлди, деган савол ўртага ташланяпти. Бундан ташқари, мақсад қандай аниқланади деган саволга аниқ жавоб берилмади, прокуратура органлари аниқлайди дейилди, умумий.

Дейлик, бир киши Instagram`гами, Telegram`гами, YouTube`гами видео жойлади. Видеода ёлғон йўқ. Жойлаган инсон ҳеч қандай изоҳсиз видеони қўйган. Текшириш жараёнида мақсади одамларни огоҳлантириш бўлганини, қонунни бузманглар демоқчи бўлганини ёки шунчаки лайк йиғмоқчи бўлганини айтса, қандай қилиб унинг кўнглида обрўсизлантириш мақсади бўлганини бўйнига қўясизлар? Нима асос бўлади бунга? Ичига кириб чиқмаган бўлса. Ва журналистимиз ҳам тўғри савол берди, эртага ноҳақ айблашларга ўтиб кетилмайдими?

Кутбиддин Бурханов буларга жавобан журналистларни сўкиш учун эмас, саволларини эшитиш учун тўплашганини таъкидлади. Кейин диалог қуйидагича давом этди.

Кутбиддин Бурханов: Ҳеч ким ҳеч кимни сўкаётгани йўқ. Биринчи ҳақорат сўзи ўзингиздан чиқди, «аҳмоқона» қонун деб баҳо бердингиз.

Хушнуд Худойбердиев: Сўкиш деганим йўқ.

Кутбиддин Бурханов: Сўкиш учун чақирибсизлар, дедингиз, «записни кўтаришимиз» мумкин. Шунинг учун айтяпмиз, ҳеч ким сўкиш учун чақиргани йўқ. Ҳурмат қилиб таклиф қилганмиз, истасангиз келишингиз мумкин, истамасангиз келмаслигингиз мумкин эди.

Эрали Бозоров қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилганини, фақат 7 нафар одам фикр билдирганини таъкидлади.

Акбар Расулов 202 прим 2 да жавобгарлик белгиланганига қарамай, яна бир норма киритилаётганининг сабаби сифатида 202 прим 2 да эҳтиётсизлик натижаси содир этилган ҳолатлар ҳам назарда тутилишини қайд этди ва буни фикрини тушунтиришга ҳаракат қилди.

Шундан сўнг Кутбиддин Бурханов барчага миннатдорчилик билдирди ва қарор қандай бўлишидан қатъи назар сенат мажлисида қабул қилинишини таъкидлади.