Ўзбекистонда аҳолига электр энергияси ва газни паст тарифларда истеъмол қилиш учун давлат бюджетидан ўртача 14 триллион сўмдан ортиқ ёки 1 миллиард 150 миллион доллар субсидия ажратилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Энергетика вазирлигининг қайд этишича, Нарх шаклланишининг бозор механизмлари мавжуд эмаслиги сабабли давлат энергетика соҳасини субсидиялашга мажбур.

Вазирлик маълум қилишича, 1 киловатт-соат электр энергиясининг таннархи 970 сўм. Бир ойда ўртача 200 киловатт-соат электр энергияси истеъмол қилинганда ҳам, давлат амалда ҳар битта истеъмолчи учун 135 минг сўмдан субсидия ажратмоқда. Мамлакатдаги истеъмолчилар сони эса 7,4 миллион хонадонни ташкил этади.

1 куб метр газ таннархи 1 890 сўм. Иситиш мавсумида 750 куб метр газ ёқадиган битта оила ўртача 1 миллион 132 минг сўм субсидия олмоқда. Айни пайтда мамлакатдаги газ истеъмолчиларининг жами сони 4,1 миллион хонадонни ташкил қилади.

Бу дегани бугун аҳолига электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун ўртача 14 триллион сўмдан ортиқ ($1,15 млрд) субсидиялар ажратилмоқда.

«Соҳанинг зарар билан ишлаётгани ҳисобига уни давлат бюджетидан субсидиялаш камомадга олиб келмоқда. Бу эса ижтимоий соҳага кўпроқ маблағ йўналтиришга имкон бермаяпти. Бунинг натижасида эса аслида тизимни янгилашга йўналтириш мумкин бўлган маблағлар фақатгина пайдо бўлган ушбу тафовутни қоплашга сарфланмоқда», — дейилади хабарда.

Вазирлик таъкидлашича, нархларни тўлиқ субсидиялаш ўрнига соҳага бозор тамойилларини жорий этиш, истеъмол қилинган энергия учун бозор талабларидан келиб чиқиб ҳақ тўланиши муҳим. Агар соҳага бозор қонунлари жорий қилинса, эртага бу маблағлар тежалади, натижада тежалган маблағни ижтимоий соҳани ривожлантиришга, янги мактаблар, тиббиёт муассасаларини қуришга, ҳар бир соҳада ишлаб чиқаришни тараққий эттириш учун замонавий технологияларни олиб киришга, қолаверса, энергетика тизимини чуқур модернизация қилишга ҳам сарфлаш мумкинлиги қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг май ойида Энергетика вазирлиги электр энергияси таннархи 1 кВт/соат учун 800 сўм, газ 1 кубометр учун 1400 сўмни ташкил этиши ҳақида хабар берган эди. Шундай қилиб, бир ярим йилдан камроқ вақт ичида электр энергияси нархи 21,2 фоизга, газ нархи 35 фоизга ошди. Эътиборлиси, яқинда 11 сентябрь куни журналистлар билан бўлиб ўтган учрашувда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бир кВт/соат электр энергияси нархи 800 сўмдан ошганини маълум қилган эди.

Молиячи Отабек Бакиров харажат маълумотларининг ишончлилигига шубҳа қилди. Унинг сўзларига кўра, агар Энергетика вазирлиги маълумотлари тўғри бўлса, Ўзбекистон Қирғизистонга газни (2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида — 1000 куб метри учун ўртача 150 доллар), шунингдек, Афғонистонга электр энергиясини (2022 йилда — 1 кВт/соат учун 5 цент) ўз қийматидан арзонроқ сотмоқда.

Унинг таъкидлашича, 1 октябрдан нафақат юридик шахслар учун электр энергияси ва газ нархларининг ошириш, балки бутун энергия бозорини ислоҳ қилиш зарур.

Германияда ишлаётган энергетика эксперти Равшан Хузанов Kun.uz мухбирига берган интервьюсида истеъмолчилар давлат компаниялари электр энергиясини ишлаб чиқариш ва етказиб беришга қандай устама қўйишини кўришлари учун энергия ресурсларининг бутун таннарх занжирини ошкор қилишга чақирди. Маълумотлар яширин ва ноаниқ бўлса, жамоатчилик бунга шубҳа билан қарайди, деди у.