Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев мамлакатдаги сув тошқинлари фонида ҳукуматга бюджет маблағларини тежаш мақсадида имидж яратиш ва бошқа йирик тадбирларни ўтказишдан воз кечишни буюрди, деб хабар бермоқда Акорда.

Аввалроқ Тоқаев июнь ойида Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтиши керак бўлган Остона халқаро форумини бекор қилганди. У ўз қарорини «кенг кўламли вайронагарчилик оқибатларини бартараф этиш ва мамлакат фуқароларига ёрдам кўрсатиш учун молиявий ресурсларни тежаш зарурати» билан изоҳлаганди.

«Мен маблағ тежаш учун йирик халқаро форумни бекор қилдим. Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари харажатларини камайтирамиз. Бундай ҳодисани бекор қилишга аллақачон кеч бўлди, лекин бюджети сезиларли даражада камаяди. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг Токиода Бутунжаҳон кўргазмасини ўтказиши ва иштирок этиши учун ажратиладиган бюджет қисқартирилади», — деди Тоқаев 16 апрель куни сув тошқинидан кейин эвакуация қилинган аҳоли билан учрашувда.

У давлат жабрланганларга сув тошқини етказган барча зарарни қоплаб беришини ваъда қилди. «Уйларини тиклаш имкони бўлмаган аҳоли учун янги уй-жойлар қурилиб, барча зарур инфратузилма билан таъминланади. Бундан ташқари, жабрланувчиларга кредит ва ссудалар бўйича кечиктиришлар берилади», — дея қўшимча қилди Тоқаев.

Қозоғистонда март ойи охирида йирик сув тошқинлари бошланганди. Бу вақт ичида 100 мингдан ортиқ одам сув босган ҳудудлардан олиб чиқилди, мамлакатнинг ўнта ҳудудида фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Тоқаев бу тошқинларни сўнгги бир неча ўн йилликлардаги энг йириги деб атади. «Кўп йиллардан буён кузатилмаган табиий офат юз берди. Эҳтимол, бу сўнгги 80 йил ичида юз берган кўлами ва оқибатлари бўйича энг катта офатдир», — деди у халққа мурожаатида.