Қозоғистонда сув тошқини мавсуми бошланганидан бери 75 мингдан ортиқ одам сув босган ҳудудлардан олиб чиқилди, 7 мингдан ортиқ киши вақтинчалик жойлаштириш марказларида бўлиб турибди, деб ёзди Tengrinews.kz мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига таяниб.

«Фавқулодда қутқарув ишларига 16375 киши, 1600 дан ортиқ техника, 377 та сув насос ускунаси, 81 та қайиқ ва 15 та самолёт жалб этилган», — дейилади вазирлик хабарида. Қутқарувчилар 7 миллион куб метрдан ортиқ эриган сувни тортиб олган.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев бу тошқинларни сўнгги бир неча ўн йилликлардаги энг йириги деб атади. «Кўп йиллардан буён кузатилмаган табиий офат юз берди. Эҳтимол, бу сўнгги 80 йил ичида юз берган кўлами ва оқибатлари бўйича энг катта офат», — деди у халққа мурожаатида.

Расмийлар мамлакатнинг 10 та вилоятида: Абай, Ақмола, Ақтўбе, Атирау, Ғарбий Қозоғистон, Қарағанда, Қўстанай, Павлодар, Шимолий Қозоғистон ва Улитовда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Табиий офатга қарши курашиш учун ФВВ, ИИВ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар кучлари сафарбар этилган. Бош вазир бошчилигида Республика штаби ҳам тузилган.

Тоқаев жойлардаги қутқарув ишлари унинг шахсий назорати остида эканини айтди ва давлат қурбонларга етказилган моддий йўқотишларни қоплашига ваъда берди. Бунинг учун ҳукумат давлат моддий захирасини чиқаради.

«Вазият қийин, аммо умидсизликка тушмаслик керак, биз бу вазиятни тузатамиз. Асосийси — одамлар қурбон бўлишининг олдини олиш», — дея қўшимча қилди у.

Бугунги кунда, ФВВ маълумотларига кўра, етти вилоятда 3500 дан ортиқ хусусий турар-жой бинолари ва 421 ҳовли ҳудуди сув остида қолмоқда.

Қозоғистон Бош прокуратураси тергов ишларини бошлаганини ва аҳоли пунктларини сув босиши, йўллар, кўприклар ва гидротехник иншоотларнинг вайрон бўлиши сабабларини аниқлашга ҳаракат қилаётганини маълум қилди. Шунингдек, прокурорлар томонидан бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши, сув тошқинларининг олдини олиш бўйича режаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши текширилмоқда.