Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 2024 йилнинг 13−14 июнь кунлари бўлиб ўтадиган Остона халқаро форумини бекор қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида ёзди.

«Қозоғистонда мисли кўрилмаган сув тошқини ва кенг кўламли вайронагарчилик оқибатларини бартараф этиш ва мамлакат фуқароларига ёрдам кўрсатиш учун молиявий ресурсларни тежаш зарурати туфайли шу йилнинг 13−14 июнь кунлари бўлиб ўтадиган Остона халқаро форумини бекор қилишга қарор қилдим. Умид қиламанки, тадбирга таклиф этилган иштирокчилар бу қарорга тушуниш билан ёндашадилар. Остона халқаро форуми 2025 йилда ўз ишини тиклайди», — деб ёзган Қасим-Жомарт Тоқаев.

Маълумот учун, 2023 йил 8−9 июнь кунлари Қозоғистон пойтахтида Остона халқаро форуми бўлиб ўтганди. Унда 70 та давлатдан мингдан ортиқ меҳмон иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда 76 мингдан ортиқ одам хавфли сув тошқини зоналаридан эвакуация қилинди, мамлакатнинг 10 та ҳудудида фавқулодда ҳолат эълон қилинганди.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев бу тошқинларни сўнгги бир неча ўн йилликлардаги энг йириги деб атади. «Кўп йиллардан буён кузатилмаган табиий офат юз берди. Эҳтимол, бу сўнгги 80 йил ичида юз берган кўлами ва оқибатлари бўйича энг катта офат», — деди у халққа мурожаатида.