Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилояти Сайхунобод туманидаги Пахтакон маҳалласида яшовчи боғбон Турсунбой ота Ариповга Tracker машинасини совға қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Агентлик хабарига кўра, отахон меҳнат фаолиятини 15 ёшида колхозда сувчиликдан бошлаган. Кейинроқ туманда ташкил этилган бўрдоқичилик чорва фермасида 40 йил меҳнат қилди. 2011 йилда нафақага чиққач, томорқасида узумчилик билан шуғуллана бошлади. Узоқ йиллар узум етиштириб, ток парваришининг ҳадисини олди. Ҳозир узумнинг ризамат, ҳусайни, келин бармоқ, шоҳонаки, кетмон соп каби навларини кўпайтирмоқда. Отахон янги «абатар» навини пайванд қилганини айтди.

Турсунбой ота турмуш ўртоғи Иноятхон ая билан 3 ўғилни тарбиялаб элга қўшди. Бугунги кунда чол-кампир 16 нафар невара-чевара ардоғида. Ўғиллари Азизжон, Азимжон Азаматнинг катта томорқаларида ҳам узумнинг кўплаб навлари парвариш қилинмоқда.

«Президентимизнинг туманимизга ташрифи менинг ҳаётимда энг бахтли, эсда қоларли кун бўлди. Ташриф чоғида юртбошимиз менга Tracker автомашинасини совға қилди. Кейин маҳалладаги узум етиштирувчиларга мураббийлик қилишимни айтди. Ишонсангиз, ҳалигача ҳаяжоним босилгани йўқ. Хушхабарнинг қўшқаноти бўлади, деганларидек, маҳалла- кўй, туманимиз, вилоятимиз, қолаверса, водийдаги қариндошлар, дўст-биродарларнинг табриклари оғушида яшаяпман. Фарғона водийсининг Олтиариқ туманидаги Узумчи маҳалласи сингари энди бизнинг маҳалла аҳолиси ҳам узумчилик билан шуғулланади. Ҳамқишлоқларимга бу борада қўлимдан келганича хизмат қиламан», — деди Турсунбой ота.

Президент март ойи ўрталарида Сайхунобод туманига ташриф буюриб, бир қатор раҳбарлар истеъфога чиққанини эълон қилганди. Шунингдек, томорқа имкониятларидан фойдаланган ҳолда аҳоли даромадларини ошириш бўйича «Сайхунобод тажрибаси» ҳақида гапирди. Ушбу тажрибани бутун Ўзбекистон бўйлаб ёйиш режа қилинди.