Эндиликда ҳар бир ҳоким ёрдамчиси маҳалладаги агрономлар билан бирга олиб берилган техникалар ҳисобидан томорқа ерларини ҳайдаш ва экин экиш хизматларини кўрсатади. Бу ҳақда президент Сирдарёнинг Сайхунобод туманида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Қайд этилишича, масъуллар Сайхунобод туманидаги 19 та маҳалла ва 794 та кўчани номма-ном бўлиб олиб, бу йил тадбиркорлик учун бериладиган 200 миллиард сўм ҳисобидан уларни ҳар бирига техник иқтисодий асос ишлаб чиқади.

Бунда, маҳаллани «драйвер» йўналишидан келиб чиқиб, тумандаги 17 мингта хонадон кесимида томорқада қанча, саноатда қанча, савдо ва хизматларда қанча аҳоли банд бўлиши аниқ кўрсатилади.

Сайхунободда илк бор янги тажриба қилиниб, 19 та маҳаллани ҳар бирига 1 тадан мини трактор, 4 тадан мотокультиватор олиб берилди.

Эндиликда ҳар бир маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси «1 сотих томорқадан камида 1−2 миллион сўм даромад» деган мезон асосида аҳоли учун бизнес режа ишлаб чиқади. Маҳалладаги агрономлар билан бирга олиб берилган техникалар ҳисобидан томорқа ерларини ҳайдаш ва экин экиш хизматларини кўрсатади. Сайхунобод тажрибаси бутун республикада оммалаштирилади.

Тумандаги 19 та маҳалланинг ҳар бирида истаги бор аҳолига намунавий интенсив боғ қилиб берилади. Шунингдек, хонадонлар кооперация асосида эскпортчи билан боғлаб берилади, 2 минг тонналик сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш комплекси ташкил этилади.

Тумандаги 98 километр каналлар ва дренаж тармоқлари атрофидаги 100 гектар бўш ерлар кооперация асосида 500 та хонадонга терак экиш учун бўлиб берилади.