Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Бошқирдистон ва Татаристон халқ артисти Женисбек Пиязов Буркитович олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг маданият ва санъатни ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, мазкур лавозим жамоатчилик асосида жорий этилди.

«Женисбек Пиязов олий ва профессионал таълим тизимида ёшларнинг ижтимоийлашувини таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, талаба ёшларнинг „Беш муҳим ташаббус“ доирасида санъат, маданият, мусиқа соҳасидаги иқтидор ва қобилиятларини рўёбга чиқариш, уларни ушбу йўналишдаги тўгарак ва клубларга фаол жалб этишда маслакдош бўлишига ишонч билдирилди», — дейилади хабарда.

Маълумот учун, Женисбек Пиязов 2022 йилда жамоатчилик асосида мактабгача таълим вазири маслаҳатчиси этиб тайинланган ва ҳозир ҳам мактабгача таълим агентлиги раҳбари маслаҳатчиси сифатида ишлаб келмоқда.

Бу лавозимлар учун унга ҳақ тўланмайди.