Қозоғистон бошқа мамлакатлар фуқаролари учун бензин ва дизель ёнилғиси нархини оширишни режалаштирмоқда. Бу мамлакат Энергетика вазирлигининг буйруғи лойиҳасидан келиб чиқади.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, бошқа мамлакатлар фуқаролари учун Аи-92 ва Аи-93 маркали бензин нархи литри учун 245 тенге (6926 сўм) этиб белгиланади. Дизель нархи литри учун 315 тенге (8905 сўм) бўлади.

Маҳаллий истеъмолчилар учун эса (Қозоғистонда берилган ҳайдовчилик гувоҳномаси ва автотранспорт воситаси рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома тақдим этилганда) нарх ўзгаришсиз қолади — кунига 300 литргача бўлган ҳажмда литри учун 205 тенге (5795 сўм). Қозоғистонликлар дизель ёнилғисини ҳам амалдаги нархда — 295 тенге (1 литри 8340 сўм) бўйича харид қилишлари мумкин бўлади.

Энергетика вазирлигининг тушунтиришича, бу «ички бозорда ёнилғи балансини сақлаш, шунингдек, нефть маҳсулотлари чиқиб кетиши ва „кулранг“ экспорт хавфини минималлаштириш учун» қилинмоқда.

«Ҳозирги вақтда нархлар давлат томонидан тартибга солингани туфайли Қозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари орасида ёнилғи-мойлаш материаллари нархи энг паст бўлган давлат ҳисобланади, бу нефть маҳсулотларининг бошқа мамлакатларга чиқиб кетиши ва „кулранг“ экспорт хавфининг юқори бўлишига олиб келади», — дейилади хабарда.

Масалан, Тошкентда Аи-92`нинг бир литри тахминан 10 500 сўм (372 тенге), Бишкекда 63,25 сом (318 тенге), Оренбургда 49,35 рубль (237 тенге) ҳисобланади.

Аввалроқ Ўзбекистон Рақобат қўмитаси бензин импорти билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг еттита асосий муаммосини ўрганганди. Улар орасида темирйўл логистикасининг қимматлиги, кредит юкламасининг юқорилиги, қўшимча сертификатлаш талаби, катта ҳажмдаги бензинни сақлаш учун сиғимларнинг етишмаслиги ва бошқалар бор.

2023 йилда Ўзбекистонда 1,33 млн тонна автомобиль бензини ишлаб чиқарилди, бу 2022 йилга нисбатан 6 фоизга ёки 75,4 минг тоннага кўп.

Аввалроқ «Газета.uz» Ўзбекистон бензинни қаердан қандай ҳажмда ва қандай нархда импорт қилиши ҳақида ёзганди.