Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 22-ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган ҳукумат соатида Ўзбекистонда бензин билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди. Бунга «Газета.uz» эътибор қаратди.

«Буни тақчиллик деб бўлмайди, лекин жойларда нархларни сунъий равишда ўзгартирган ёқилғи қуйиш шохобчаларига қарши чоралар кўрилмоқда. Эҳтиёжни қондириш учун ички ишлаб чиқаришни ошириш ва қўшимча ҳажмда импорт қилиш чоралари кўрилмоқда», — деди у.

«Тўғри, [Ўзбекистондаги бензин билан боғлиқ вазиятга] Россия ҳукумати томонидан жорий қилинган [бензин экспортига] вақтинчалик чеклов таъсир қилди. Президентимизнинг 5−6 октябрь кунлари [Москвага] ташрифи давомида ҳукуматлараро келишувга эришилган эди, унга кўра, истисно тариқасида, чекловдан қатъий назар, бизга [бензинни] кафолатли экспорт қилиш имконияти берилди. Ҳозирги кунда Россия компанияларидан импорт қилинган бензин етказиб бериш бошланди. Октябрь ойида тузилган келишув туфайли ноябрь ойида дастлабки партиялар келишни бошлади», — деди Энергетика вазири.

Эслатиб ўтамиз, Россия ҳукумати сентябрь ойида бензин ва дизель ёқилғиси экспортини вақтинча чеклади. Тақиқ Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларига (Россиядан ташқари Қозоғистон, Беларус, Арманистон ва Қирғизистонни ҳам ўз ичига олади), Абхазия ва Жанубий Осетияга етказиб беришга таъсир қилмади. 17 ноябрь куни чекловлар бекор қилинди.

Бугунги кунга қадар Ўзбекистонда 1,16 миллион тонна бензин ишлаб чиқарилган бўлса, йил охирига қадар маҳаллий ва импорт қилинадиган нефтни қайта ишлаш ҳисобига ишлаб чиқаришни 1 миллион 329 минг тоннага етказиш режалаштирилган. Бундан ташқари, 371 минг тонна бензин импорт қилиш режалаштирилган. Бу ҳажмнинг 100 минг тоннаси «Ўзбекнефтгаз»дан, яна 270 минг тоннаси эса хусусий корхоналар томонидан етказиб берилиши керак. Ноябрь-декабрь ойларида 80 минг тонна ёқилғи етказиб берилиши кутилмоқда.

Октябрь ва ноябрь ойининг бошларида Ўзбекистондаги ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Тошкентда Аи-92 ва Аи-95 сотиладиган ёқилғи қуйиш шохобчаларини топишдаги муаммолар туфайли аҳоли Қозоғистонга кетаётгани ҳақида хабар беришди. Шу фонда Россиянинг «Лукойл» ёқилғи қуйиш шохобчасида Аи-95 нархи 14,5 минг сўмдан 18,5 минг сўмга кўтарилди. Баъзи ёқилғи қуйиш шохобчаларида Беларуснинг Аи-95 бензини пайдо бўлди.

Йил бошида Ўзбекистонга бензин импортининг деярли барчаси Россия бозоридан келганди.