Ўзбекистонда 2023 йилнинг 11 апрелидан бошлаб шаҳвоний шилқимлик қилиш моддаси билан 666 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 11 апрелдаги «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунига мувофиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 41−1-модда (шаҳвоний шилқимлик қилиш) ва Жиноят кодекси 141−3-модда (шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) билан тўлдирилди. (Қонуннинг тўлиқ тафсилоти билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин).

Олий суднинг маълум қилишича, 2023 йилда (амалга киритилган кун — 11 апрелдан бошлаб) Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси билан 666 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 233 нафарига жарима жазоси, 433 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.

Жиноят кодексининг 141−3-моддаси билан 48 нафар шахс судланиб, уларнинг 7 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 41 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.