Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) депутатлари Нодир Абдувалиев ва Сардор Ғиёсов қимматбаҳо машиналар харид қилинаётгани ҳақидаги хабарлар фонида давлат идораларини тежамкорликка чақирди.

Партия веб-сайтида эълон қилинган «Тежамкорлик — давр талаби» мақоласида 2023 йилда Ўзбекистон консолидациялашган бюджети даромадлари 321,0 триллион сўмни, харажатлари 380,0 трлн сўмни ташкил этгани, шунингдек, бунда харажатлар даромадлардан 59 трлн сўмга кўплиги, бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,5 фоизга етгани қайд этилган.

«Бироқ бюджет тақчиллиги фонида жорий йилнинг 1-чорак якунлари бўйича айрим вазирлик ва давлат ташкилотлари нархлари юқори бўлган автотранспорт воситаларини ҳарид қилиш учун маблағлар сарфлаётганлиги кузатилмоқда», — дейди партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси вакиллари.

Улар мисол тариқасида «Бандлик вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси томонидан 444 млн сўмга бир дона BYD Song Plus автотранспорт воситасини, Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги томонидан 504 млн сўмга премиум-классдаги BYD Han автомобилини ҳамда Олий суд томонидан 1,5 млрд сўмга «йўлтанламас» Toyota Land Cruiser 300 автомобили харид қилишганини келтирди.

«Хорижий мамлакатларда вазирликлар раҳбарлари ўзларининг халқ хизматидаги давлат ходими эканлигини билдириш, ўзининг халққа яқинлигини кўрсатиш мақсадида қимматбахо хизмат автомобиллари ўрнига жамоат транспорти ва велосипедларда ишга келишни афзал билишмоқда», деб ёзади депутатлар.

Партия вакиллари кенг жамоатчилик томонидан вазирлик ва идоралар маблағларни сарф қилишда биринчи навбатда ҳудудлардаги, жумладан маҳаллалардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни хал этишга эътибор қаратиши зарурлигини таъкидламоқда.

«Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда халқ вакили сифатида, бюджетдан маблағ олувчи вазирлик, идора ва ташкилотларни бюджет маблағларини сарфлашда тежамкорликка амал қилишларига, фойдаланишдаги автотранспорт воситалари мавжуд бўлган ҳолда мазкур мақсад учун харажатларга йўл қўймасликка чақирамиз», — дейилади Нодир Абдувалиев ва Сардор Ғиёсов мақоласида.