Тошкент шаҳридаги «Чорсу» ва «Эски жўва» деҳқон бозорларини реконструкция қилиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг 28 мартдаги қарорида кўрсатилган.

Қарор президентнинг 2023 йил 12 майда Шайхонтоҳур ҳамда 26 майда Чилонзор туманига ташрифлари якунлари бўйича берилган топшириқлар баёни ижроси юзасидан қабул қилинган.

Пойтахт ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясига бир қатор лойиҳалар концепциясини ишлаб чиқиш учун ҳоким томонидан 824,8 миллион сўм маблағ ажратилади.

Хусусан, «Чорсу» ва «Эски жўва» деҳқон бозорларини реконструкция қилиш концепцияси бўйича лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш учун 119,5 млн сўм маблағ йўналтирилади.

«Туризм ҳалқаси»ни қуришда пиёдалар ва велойўлаклар, очиқ турдаги автоураргоҳдар ҳамда суғориш ва ирригация инфратузилмасини қуриш учун яна 213,6 млн сўм, Сархумдон маҳалласидаги темирчилик устахоналари реконструкцияси учун эса 138,7 млн сўм сарфланиши режалаштирилган.

Шунингдек, Самарқанд дарвоза маҳалласидаги Учлола кўчасида қурилган ёпиқ суз ҳавзаси ва спорт мажмуаси концепцияси учун 177 млн сўм, маҳаллалар ҳудудларида аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш ва хизмат кўрсатиш мақсадида микро боғлар ҳамда сайилгоҳлар ташкил этиш концепцияси учун 149 млн сўм, Шайхонтоҳур туманидаги Янгиобод маҳалласини обод ҳудудга айлантириш лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш учун 27 млн сўм йўналтирилади.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда ҳокимлик «Чорсу» бозори ва унинг атрофини ўзгартиришга оид лойиҳани эълон қилган. Тақдим этилган эскизлардан кичик гумбазлар жой олмаганди. «Газета.uz» маъморий меросни сақлаб қолиш бўйича мутахассис, ИКОМОСнинг Германиядан аъзоси Йенс Йорданнинг «Чорсу» бозори ва унинг атрофидаги ҳудуд тақдири ташвишлантиргани қайд этилган мақоласини (рус тилида) чоп этганди.

2022 йилнинг май ойида тарихий Чорсу бозоридаги марказий гумбазга ҳамоҳанг тарзда қурилган 7 та кичик гумбазнинг бири бузилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар ортидан улар давлат муҳофазасига олинган.

Ҳудудларни ривожлантириш бўйича Atlas бюроси консалтинг компанияси июнь ойида ўз тадқиқотида «Чорсу» ва «Олой» каби йирик бозорларда атрофни ободонлаштириш ва қулай автотураргоҳлар ташкил этишни таклиф қилган. Унда пиёдалар ва транспорт оқимини тартибга солиш, атрофдаги ҳудудларни ободонлаштириш зарурлиги қайд этилган.