Тошкент шаҳрининг Чорсу бозоридаги гумбазлар маданий мерос объектлари рўйхатига киритилади. Бу ҳақда 5 май куни Маданий мерос агентлиги Илмий эксперт кенгаши вакиллари томонидан Чорсу бозорида ўтказилган сайёр йиғилишда маълум қилинди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари — Илмий эксперт кенгаши раиси Турсунали Кузиевнинг сўзларига кўра, Чорсу бозори марказий гумбазнинг атрофида жойлашган еттита гумбаз ҳам давлат муҳофазасига олинди.


«Аҳолининг гумбаз бузилиши ҳақидаги хавотирлари ўринли. Биз буни инкор қилмаймиз. Чорсу гумбазлари — Тошкентнинг брендларидан бири ҳисобланади. Бугун айланиб юрганимда ушбу гумбазлар фонида хорижликлар фарзандлари билан суратга тушаётганини кўрдим. Бу бутун Ўзбекистонни юзи, имиджи ва туристларни жалб қиладиган объект», — деди Турсунали Кузиев.

Таъкидланишича, шаҳарда маданий мерос объектлари рўйхатига киритиш учун барча асосларга эга бўлган объектлар кўп, шу жумладан мазкур гумбазлар ҳам, бироқ улар рўйхатдан жой олмаган. Агентлик Чорсу бозорини Эски шаҳарнинг тарихий ҳудуди сифатида рўйхатга киритишни кўзлаяпти.

Турсунали Кузиев.

Қўшимча қилинишича, объект конструктив жиҳатдан камчиликлардан ҳам ҳоли эмас. Жумладан, гумбаз ости ёз кунларида исиб кетади, қушлар йиғилади, чанг бўлади. «Шунга қарамасдан у Эски шаҳарнинг майдонига уйғун тарзда мос келади. Усиз Эски шаҳар тасаввур ҳам қилиб бўлмайди», — деди Илмий эксперт кенгаши раиси.

Икки гумбаз остида амалга ошириладиган қурилиш ишларининг лойиҳаси.

Эски лойиҳада Чорсуда бош гумбаздан ташқари қолган кичик гумбазлар бузилиши назарда тутилган бўлса, Маданий мерос агентлиги аралашувидан сўнг, мазкур гумбазларни сақлаб қолган ҳолда таъмирлаш ишлари олиб боришга рухсат берилди.

Жумладан, ҳозирги кунда гумбазнинг иккитаси остида «Jewellery World» МЧЖга тегишли банк биноси реконструкция қилинмоқда. Лойиҳага кўра, умумий майдон 3195 метр кв.ни, қурилиш майдони эса 3072 метр кв.ни ташкил этади.


Мазкур объект лойиҳаси «ARCH LAB» хусусий корхонаси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, бу ерда заргарлик буюмларини олди-сотди дўконини қуриш режалаштирилган.

«Бинолар 70 йиллар ўртасидаги меъморчиликнинг намунаси. Бу ерда ўша замоннинг конструктив меъморчилиги билан анъанавий меъморчилик шакллари уйғунлашган. Шунинг учун ҳам мени назаримда бу бинолар ҳам меъморий, ҳам бадиий, ҳам функционал жиҳатдан тарихий аҳамиятга эга. Кенгаш аъзолари билан ушбу мажмуани маданий мерос объектлари рўйхатига киритишни афзал деб топаяпмиз. Мен археолог сифатида айтишим керакки, [гумбазларни] республика миқёсидаги маданий мерос объектлари рўйхатига киритиш керак», — деди Илмий эксперт кенгаши аъзоси Зафар Ҳакимов.

Зафар Ҳакимов.

Унинг сўзларига кўра, мазкур — Эски-Жува бозори ҳудудига ягона меъморий мажмуа сифатида қараш керак ва давлат ҳимоясига олиш зарур.

«Эски-Жува маконини археологик ёдгорлик сифатида сақлаш керак. Чунки бу ерда нафақат бозор, балки маҳаллалар ҳам бор. Ўрта аср Тошкентининг Шахристонини сақлаб қолиш керак деган фикрдаман», — деди у.


«Биз лойиҳани кўрдик, у шаҳар бош архитектори томонидан маъқулланган бўлса ҳам биз ўз таклифларимизни бердик. Қонунга ҳилоф равишда иш тутилган бўлса албатта кўриб чиқилади. Бу ерда ҳам ҳуқуқий, ҳам меъморий ечими бор. Ҳозирги лойиҳа бўйича [гумбазларнинг] умумий мажмуавий ҳолатига путур етказилгани юзасидан хулосамизни чиқарганимиз йўқ», — деди Зафар Ҳакимов.

Илмий кенгаш аъзолари қўшимча қилишича, ҳозирга қадар гумбазларга зарар етказилганини аниқлаш мушкул, сабаби аввалига уларнинг эски ҳолатини билиб олиш зарур. Қурилишга жавобгар шахслар мутахассисларни гумбазларга тегилмаган ҳолда унинг остки қисмида ишлар олиб бораётганига ишонтирмоқда.

Қурилиш ишлари олиб борилаётган икки гумбазнинг кўриниши.


Маданий мерос агентлиги вакиллари гумбазлар ҳозирга қадар давлат муҳофазасига олинмагани учун унга етказилган зарар юзасидан бирор шахсни ҳуқуқий жиҳатдан жавобгарликка тортиш имконсиз эканлигини тан олишди. Бироқ, бундан кейинги ҳар бир ҳолатда ва мажмуанинг умумий кўринишига путур етказганлар тегишли тартибда жазоланишини таъкидлашди.

Бундан ташқари, Маданий мерос агентлиги 24/7 режимида ишловчи (+99871) 200−01−18 ишонч телефон рақамлари ишга туширилганини маълум қилиб, аҳолидан маданий мерос объектига зарар етказилаётган ҳолатлар бўйича мурожаат қилишларини сўради.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Чорсу бозори ва унинг атрофини ўзгартиришга оид лойиҳани эълон қилганди. Тақдим этилган эскизлардан кичик гумбазлар жой олмаганди. «Газета.uz» маъморий меросни сақлаб қолиш бўйича мутахассис, ИКОМОСнинг Германиядан аъзоси Йенс Йорданнинг Чорсу бозори ва унинг атрофидаги ҳудуд тақдири ташвишлантиргани қайд этилган мақоласини чоп этганди.