Ҳудудларни ривожлантириш бўйича Atlas бюроси консалтинг компанияси «Марказий Осиё бозорларининг келажаги: замонавий шаҳардаги анъаналар» тадқиқоти натижаларини эълон қилди. Тадқиқот лойиҳаси Тошкент (Ўзбекистон), Олмаота (Қозоғистон), Душанбе (Тожикистон) ва Бишкек (Қирғизистон)даги 147 та бозорни қамраб олди.

Тошкент шаҳрида 66 та бозор мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти деҳқон хўжаликлари товарлари сотиладиган кичик савдо майдончаларидир. Тўртта машҳур бозор энг катта сайёҳлик салоҳиятига эга: машҳур Чорсу, шунингдек, Олой, Миробод ва Янгиобод бозорлари, дея хулоса қилди Atlas бюроси мутахассислари.

«Бозорлар шаҳар маданияти ва ўзига хослигини акс эттиради. Бу харидорлар ва сотувчилар ўртасидаги мулоқот жойи, сайёҳ учун — шаҳарнинг ҳақиқий руҳини ҳис қилиш имконияти. Қизиғи шундаки, Тошкентнинг деярли барча кичик ва катта бозорларида ўзига хос муҳит сақланиб қолган», — дея таъкидлайди тадқиқот муаллифлари.

Уларнинг фикрича, ақлли инвестициялар ва пухта ўйланган концепция туфайли Марказий Осиёдаги машҳур бозорларнинг сайёҳлик оқими йилига юз минглаб одамлардан бир неча миллионгача етиши мумкин. Ҳозирда бозорларнинг рақобатбардошлиги таҳдид остида: тармоқли супермаркетлар, электрон тижорат ва етказиб бериш хизматлари аста-секин харидорлар оқимини ўзига жалб этмоқда. Қўллаб-қувватлаш ва модернизация қилинмаса, бозорлар ўзининг жозибадорлигини йўқотади.

Таниқли бозорларнинг афзаллиги — маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган архитектура ва ўзига хос атмосфера. Айнан шу нарса замонавий сайёҳларни ўзига жалб қилади. Бироқ бундай бозорлар ўз-ўзидан қизиқарли бўлишига қарамай, муваффақиятли фаолият юритиш учун уларни глобал тенденциялар доирасида ривожлантириш зарур, дейди экспертлар.

Халқаро амалиётда бозорлар кўпинча бўш жойдан фойдаланишнинг бир нечта сценарийларини бирлаштирган mixed-use объектларга айлантирилади. Гастро-туризмнинг жадал ўсиб бораётган тенденцияси ва бозорларнинг аллақачон ўрнатилган маданий ва тарихий қиймати туфайли Тошкентдаги таниқли нуқталар ҳам кутилмаган функцияларни бирлаштирган объектлар рўйхатига қўшилиши мумкин.

Бозорларга ташриф буюриш ва рентабелликни ошириш учун мутахассислар қуйидагиларни таклиф қилади:

  • Резидентлар ва туристлар учун тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш. Мисол учун, дегустациялар, пазандалик ёки ҳунармандчилик устахоналари, фестиваллар ва мавсумий байрамларни ўтказиш мумкин.
  • Атрофни ободонлаштириш ва қулай парковкалар ташкил қилиш. Чорсу ва Олой каби энг йирик ва оммабоп бозорлар яқинида пиёдалар ва транспорт оқимини тартибга солиш, атрофдаги ҳудудларни ободонлаштириш зарур. Бетартиб тўхташ жойлари ҳайдовчилар ва пиёдалар хавфсизлигини камайтиради, тирбандликларга олиб келади ва бозор кўринишини бузади — буларнинг барчаси харидорларнинг кайфиятига ва уларнинг бозорга ташриф буюриш салоҳиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
  • Бозорларнинг кўринишини янгилаш. Тарихий архитектурани сақлаб қолиш ва реставрациялаш. Замонавий объектларнинг фасадини тартибга солиш керак — тартибли ва замонавийлик, кўп сонли ёрқин белгилар ва реклама баннерларидан холилик — булар бозор кўринишини янада жозибали қилади. Осон навигация ва ягона визуал услубга эга ички макон нафақат бозорнинг ўзига хос қиёфасини мустаҳкамлайди, балки мижозларга қулайликни оширади.
  • Қўшимча хизматларни яратиш. Савдо функциясидан ташқари, тижорат хизматлари турларини кўпайтириш мақсадга мувофиқдир — масалан, чакана савдо (дорихона), маиший хизмат (кимёвий тозалаш, жиҳозларни таъмирлаш, ателье), кичик ишлаб чиқариш (қандолат маҳсулотлари), тез овқатланиш шохобчалари ва бошқалар.
  • Хизмат ва бошқарув сифатини яхшилаш учун рақамли ечимларни жорий қилиш. Бу бошқарув самарадорлигини оширади ва харидорлар учун харид ва етказиб бериш жараёнини осонлаштиради.

«Бозорларнинг mixed-use объектларга айлантирилиши уларнинг иқтисодий ва сайёҳлик салоҳиятидан фойдаланиш учун кенг имкониятлар очмоқда. Кўча кафелари учун жойлар яратиш ва мавсумий байрамларни ўтказиш аҳолининг бўш вақтини диверцификация қилади ва сайёҳларни янада кўпроқ жалб этади», — деди Атлас бюроси бош директори Александра Ситникова.

«Шу билан бирга, стандартлаштирилган ёндашувдан воз кечиш керак — ҳар бир бозорнинг ўзига хос меъморий хусусиятлари ва атмосферасини сақлаб қолиш муҳим. Тўғри ёндашув билан бозорлар кўпроқ ёшлар ва сайёҳларни жалб қила олади, ташриф ва рентабелликни сезиларли даражада оширади. Бунинг учун давлат ва бизнес фаолиятини синхронлаштириш, фуқароларга ҳам, сайёҳларга ҳам, тадбиркорларга ҳам фойдали бўлган тамойиллар ва ягона ёндашувни ишлаб чиқиш зарур», — дея қўшимча қилди у.

Ўзбекистон бозорлари уникаллиги ва ўзига хос муҳитини сақлаб қолган ҳолда модернизация қилинса, жаҳон бозорида бошқалар билан бир сафда туриши мумкин, дейди Atlas бюроси. Лиссабондаги Mercado da Ribeira бозорига ҳар йили тахминан 4 миллион киши, Япониянинг Kuromon Ichiba Market бозорига — 8,5 миллион, Венадаги Karmelitermarkt`га — 11,5 миллион киши ташриф буюради, дейди экспертлар.

Тадқиқот натижалари билан веб-сайтда батафсил танишиш мумкин.