2023 йил якунига кўра, Ўзбекистонга тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми аввалги икки йилдагидан камроқ бўлди, бу Марказий банк томонидан эълон қилинган тўлов баланси бўйича маълумотлардан келиб чиқади.

2021 йилда мамлакатга тўғридан-тўғри инвестицияларнинг соф оқими 2,3 млрд долларни ташкил этган ва 2022 йилда кўрсаткич 2,6 млрд долларгача ўсган бўлса, 2023 йил охирида у 425 млн долларга — 2,2 млрд долларгача (-16 фоиз) камайган.

График: Mirkonomika / Telegram.График: Mirkonomika / Telegram.

Сўнгги беш йил ичида, фақат 2020 йилда, дунё коронавирус пандемияси билан тўқнаш келган вақтда тўғридан-тўғри инвестициялар оқимининг пасайиши кузатилганди. Ўшанда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш суръати 2 фоизгача секинлашган.

2023 йилда портфель инвестициялар ҳажми қарийб 1 млрд долларни ташкил этган. Бу октябрь ойида чиқарилган 4,25 трлн сўм миқдоридаги «яшил» суверен халқаро облигациялар ҳамда 660 млн доллар миқдоридаги халқаро облигациялар билан изоҳланади.

Молиявий операциялар ҳисоби 6,6 млрд долларга етди, шундан 70 фоизи йилнинг тўртинчи чорагига тўғри келди.

Мамлакатлар ўртасидаги активлар ва мажбуриятлар билан боғлиқ операциялар тўлов балансининг молиявий операциялар ҳисобида юритилади. Молиявий ҳисоб тўғридан-тўғри инвестициялар, портфель инвестициялар, молиявий деривативлар (своп, опцион ва ҳоказо), бошқа инвестициялар (валюта ва депозитлар, савдо кредитлари ҳамда аванслари ва бошқалар) ва резерв активларидан иборат.

Жорий операциялар ҳамда капитал билан боғлиқ операциялар ҳисобларидаги дефицитлар молиявий операциялар ҳисоби эвазига молиялаштирилади. Масалан, жорий операциялар ҳисоби дефицитининг асосий манбаларидан бири бўлган савдо баланси дефицити (импорт ҳажмининг экспорт ҳажмидан ортиқлиги) асосан молиявий операциялар ҳисобидаги инвестициялар ва қарзлар эвазига қопланади.

Иқтисодчи Миркомил Холбоев таъкидлаганидек, юқори суръатларда ўсишда давом этаётган (ЯИМ 2023 йилда 6 фоизга ўсган) мамлакатга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг кескин камайиши «келажак учун хавотирли сигнал сифатида қабул қилиниши керак».

У, шунингдек, жорий операциялар ҳисоби дефицитининг ЯИМга нисбати тарихий максимумга — 8,6 фоизга (7,8 млрд доллар) етганини таъкидлади.

График: Mirkonomika / TelegramГрафик: Mirkonomika / Telegram

Товар ва хизматлар дефицити 17,6 млрд долларни (2022 йилга нисбатан + 3,9 млрд доллар), бирламчи даромадларнинг соф оқими минус 761 млн долларни (2022 йилда 902 млн доллар бўлган), иккиламчи даромадларнинг соф оқими 10,5 млрд долларни (12,1 млрд доллар) ташкил этди.

Миркомил Холбоевнинг сўзларига кўра, жорий операциялар ҳисоби дефицитининг ёмонланиши бюджет харажатлари ўсиши шунингдек, реал айирбошлаш курсининг мустаҳкамланиши (2023 йилда 4,6 фоизга мустаҳкамланган) шароитида ташқи савдо дефицитининг ёмонлашиб бориши (минус 13,7 млрд доллар) ҳамда инвестицион даромадлар чиқиб кетишининг кўпаяётгани билан изоҳланади.

Тўлов балансининг жорий операциялар ҳисобида товарлар ва хизматлар экспорти ва импорти, бир мамлакатнинг хорижда ишловчи ҳамда ўша давлатда ишловчи чет эллик ишчиларнинг даромадлари ва харажатлари, бир мамлакатнинг ташқи активлари ва мажбуриятлари бўйича қўлга киритган ёки тўлаб бериши лозим бўлган даромадлари, шунингдек, халқаро пул ўтказмалари, грантлар ва инсонпарварлик ёрдамлари ва бошқа операциялар акс этади.

Бундан ташқари, Ўзбекистонга трансчегаравий пул ўтказмалари оқими ўзининг узоқ муддатли тенденциясига қайтмоқда (2022 йилдаги аномал ўсишдан кейин).

«Жорий операциялар ҳисоби дефицитининг бундай юқори суратда ўсишини (давомий) молиявий оқим билан таъминлаш жуда мушкул (айниқса, ҳозирги юқори фоизли дунёда). Бундай ҳолат 2023 йилдаги каби тўлов балансида номутаносибликларни келтириб чиқаришда давом этади. Бу эса номинал валюта курси, шунингдек, халқаро захираларга босимни ошираверади. Бунда, 2024 йилда тўлов балансидаги вазиятни юмшатиш бюджет интизомига жудаям боғлиқ. Бундан ташқари, номинал валюта курсининг „тўғриланиши“ ҳам тўлов балансига ижобий таъсир қилиши мумкин», — дейди Миркомил Холбоев.

Молиячи Отабек Бакиров 2023 йил августида бўлгани каби, номинал валюта курсини яна бир марта сезиларли «тўғрилаш» орқали тўлов балансини мувозанатлашни қабул қилиб бўлмас деб ҳисобламоқда. Унинг фикрича, бу дефицитнинг салбий оқибатларини халқ елкасига юклаш бўлади.

«Энг тўғри ечим қаттиқ экономия режимига ўтиш, яъни бюджетга олигархия ва монополиялар ўтказаётган улкан босимни илдизи билан кесиб ташлаш. Шундагина адолат бўлади. Адолатли ҳақиқат бўлади», — деб ёзди у.