Июль ойида сўмнинг реал самарали алмашув курси (РЕЕР) июнь ойига нисбатан 2,1 фоизга қимматлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки шарҳида қайд этилади.

Номинал алмашув курси — давлат валютасининг бошқа валютадаги қиймати ёки валютани айирбошлаш мумкин бўлган жорий курс. Реал самарали алмашув курси (REER) — асосий савдо-ҳамкор мамлакатлар валюталарига нисбатан номинал алмашув курсларини ҳам, тегишли мамлакатлардаги нархлар даражасининг нисбатини ҳам ҳисобга олувчи индексдир.

Февраль ойидан бери биринчи марта индекс кўтарилди. 2021 йил мос даврига нисбатан 1,4 фоизга, базавий ой — 2019 йилнинг сентябрига нисбатан 5 фоизга қимматлади (ўша йилнинг август ойида банкларга чет эл валютасини сотишга рухсат берилган, шунинг учун базавий давр сифатида сентябрь танланган).

МБ маълумотларига кўра, реал самарали алмашув курсининг мустаҳкамланиши биринчи навбатда савдо-ҳамкор давлатлар валюта курслари қадрсизланиши (2,6 фоиз) ва сўм алмашув курси (0,3 фоиз) ўзгариши билан боғлиқ. Ички инфляция REER амортизациясини 0,1 фоизга, савдо-ҳамкор давлатлар инфляциясини эса 0,7 фоизга ушлаб турди.

Асосий савдо-ҳамкор давлатларнинг валюталари курси АҚШ долларига нисбатан турли динамика кўрсатди:

  • Россия рубли 3,7 фоизга — 57,3 дан 59,4 гa қадрсизланди. Бундай қадрсизланишга Россия Марказий банки томонидан йилнинг биринчи чорагида киритилган валюта чекловларининг босқичма-босқич юмшатилиши ҳамда импортнинг тикланиши натижасида хорижий валютага бўлган талабнинг ошиши билан изоҳланди. Россия Марказий банки 22 июль куни асосий фоиз ставкасини 9,5 фоиздан 8 фоизгача пасайтирди.
  • Қозоғистон тенгеси 6,7 фоизга — 446,4 дан 476,3 гa қадрсизланди. Йирик компаниялар томонидан дивидендларни репатриация қилиниши ҳамда бир вақтнинг ўзида валютага бўлган талабнинг юқорилиги фонида тенге курсининг бироз қадри пасайди. Қозоғистон Марказий банки 25 июлда асосий фоиз ставкасини 14,5 фоизгача кўтарди.
  • Турк лираси 2,8 фоизга қадрсизланди. Доллар индексининг мустаҳкамланиши ҳамда жаҳонда рецессия хавфи лиранинг қадрсизланишига сабаб бўлди.
  • Хитой банкининг иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш мақсадида йил бошидан буён асосий фоиз ставкани тушириши ҳамда минтақадаги сўнгги геосиёсий нотинч вазиятнинг мавжудилиги юан курсига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Бунинг натижасида юан курси ўтган ойга нисбатан 0,6 фоизга қадрсизланди.

Июль ойида асосий савдо-ҳамкор давлатларнинг деярли барчасида йиллик инфляция кўрсаткичлари ошиши кузатилди. Хусусан, прогнозларга кўра, Россияда ойлик нархлар мавсумий омиллар, истеъмол товарларига бўлган талабнинг сустлиги туфайли -0,2 фоизга тушиши керак. Шу билан бирга, йиллик инфляция 15,3 фоиз юқори даражада сақланиб қолади.

Қозоғистонда ойлик инфляция 1,1 фоизни ташкил этиб, йиллик ҳисобда 15 фоизгача тезлашди. Шу билан бирга, озиқ-овқат маҳсулотлари йилига 19,7 фоизга қимматлаган.

Туркияда ҳам нархлар тез ўсишда давом этмоқда. Ойлик инфляция 2,8 фоизни, йиллик инфляция 79,6 фоизни ташкил этди. Нархлар ўсишига асосан, энергия маҳсулотларининг қимматлашиши ҳамда лира девальвациясининг давом этаётганлиги сезиларли таъсир кўрсатган.

Шунингдек, мамлакатда ишлаб чиқарувчилар нархлари индекси (хом ашё, материаллар ва оралиқ истеъмол товарлари улгуржи нархларининг ўртача даража кўрсаткичи, унга кўра, миллий ишлаб чиқарувчилар ўзлари сотади) ойлик ҳисобда 5,2 фоизга ўсиб, йиллик 144,6 фоизга етди.

Савдо ҳамкорлари валюталарининг қадрсизланиши Ўзбекистонга қандай таъсир кўрсатмоқда

Аввалроқ Ўзбекистон Марказий банки асосий савдо ҳамкорлари валюталарининг қадрсизланиши сўмнинг ушбу валюталарга нисбатан реал курсини мустаҳкамлаётгани ҳақида хабар берганди. Ушбу ҳолат маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ички ва ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини пасайтириб, ички валюта бозоридаги талаб ва таклиф даражасига таъсир этаётгани айтилганди.

Биринчидан, юқорида қайд этилган валюталарнинг кескин девальвацияси ташқи бозорларда маҳаллий экспортчилар маҳсулотларини қимматлашувига олиб келиб, уларнинг валюта тушумларини қисқартирди.

Иккинчидан, ички бозорда маҳаллий маҳсулотлар нархларининг чет элда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар нархларига нисбатан рақобатбардошлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу, ўз навбатида, четдан импорт қилишни рағбатлантирган ҳолда, хорижий валютага қўшимча талабни келтириб чиқармоқда.

Учинчидан, жисмоний шахслар томонидан амалга ошириладиган халқаро пул ўтказмаларининг асосий қисми тўғри келадиган давлатлар валюталарининг қадрсизланиши, ушбу давлатлардан мамлакатимизга юбориладиган пул ўтказмалари ҳажмининг камайишига олиб келди.