Шавкат Мирзиёев чоршанба куни халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгашининг сессиясида пойтахтнинг Юнусобод туманида кўплаб фойдаланилмаётган имкониятлар ҳақида гапириб ўтди.

Давлат раҳбари Вазирлар Маҳкамасига унумли фойдаланилмаётган давлат объектларини хатловдан ўтказиб, уларнинг ўрнида саноат ва хизматларда юқори дамромадли иш ўринлари яратадиган лойиҳаларни жойлаштириш дастурини тасдиқлаши кераклигини айтди.

Унинг сўзларига кўра, туманда 14 та давлат ташкилоти 24,5 гектар майдонни эгаллаб турибди.

«Шунинг учун бош вазиримиз [Абдулла Арипов] ва янги ҳокимимиз [Шавкат] Умурзоқов йирик девелоперлар билан гаплашиб, бу жойларда савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини қуришни таклиф қилса, улар етти мингта юқори даромадли иш ўринларини бемалол яратишлари мумкин», — деди давлат раҳбари.

Аввалроқ президент Амир Темур шоҳ кўчасидаги саккизта давлат идорасининг эски биноларини реконструкция қилиш ва савдо объектлари, офис ва ерости автотураргоҳига эга меҳмонхоналар қуриш учун тадбиркорларга беришни таклиф этганди.

Шавкат Мирзиёев 7-сонли шаҳар шифохонаси учун 200 ўринли янги бино қуриш чўзилиб келаётганини ҳам таъкидлади. Янги бино ишга тушса, ундан бўшайдиган 4,7 гектарда хусусий шериклик асосида кореялик инвесторлар 160 млн долларлик 420 ўринли замонавий кўп тармоқли клиника қуриш ташаббусини берган.

Бундан ташқари, президент Тошкент шаҳридаги экологияни яхшилаш мақсадида Марказий банк ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигига Евро-5 стандартига жавоб берадиган автомобилларни харид қилишнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш вазифасини қўйди.