Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши сессиясида оғир халқаро вазият ҳақида гапириб зтди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг ёзишича, давлат раҳбари ўз сўзи аввалида «мураккаб ва таҳликали замонда яшаётганимиз, Яқин Шарқдаги ва асосий ҳамкорларимиз ўртасидаги можаролар ечим топмаётганини»ни қайд этди.

Жумладан, Москва вилоятидаги мудҳиш теракт оқибатида халқаро вазият янада жиддий тус олаётгани таъкидланди.

«Бундай мураккаб шароитда иқтисодиётимизга, аҳоли даромадларига салбий таъсирни камайтириш энг муҳим вазифалардан бири», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

«Бунинг учун маҳалланинг иқтисодий заминини мустаҳкамлаш, одамлар даромадини кўпайтириш учун мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш зарурлиги қайд этилди», — деб давлат раҳбаридан иқтибос келтирди Шерзод Асадов.

Бир кун аввал президент Ўзбекистон фуқароларининг ташқи меҳнат бозорларига чиқишини осонлаштириш ва меҳнат миграциясидан қайтганларнинг бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказганди.