Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги қонунга «хорижий вакил» тушунчасини киритувчи ўзгартиришларни имзолади. Бу ҳақда у Facebook`даги саҳифасида маълум қилди. Қирғизистон оммавий ахборот воситалари ва ҳуқуқ ҳимоячилари ҳужжатни «хорижий агентлар тўғрисидаги қонун» деб атади ва унинг Россиянинг хорижий агентлар ҳақидаги қонунига ўхшашлигини қайд этди.

«Мамлакатимизда 30 йилдан бери фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳеч қаерда рўйхатдан ўтмаган. Улар ҳеч кимга ҳисобот беришмаган. Улар фақат банк ҳисоб рақамларини очиб, хорижий донорлардан пул олиб, ўз ихтиёрига кўра, жумладан, шахсий мақсадларига ҳам ишлатган… Энди улар очиқ ишлай бошлайди. Аввалгидек тартибсизлик бўлмайди», — деб ёзган Қирғизистон раҳбари.

Жапаровнинг сўзларига кўра, чет эллик донорлар бу қонунга қарши чиқмоқда, чунки қирғиз нодавлат ташкилотлари уларни «алдаяпти». «Улар „бизни таъқиб қилишади, хорижий агент сифатида ҳибсга олишади“, деб ёлғон маълумот тарқатишмоқда», — дейди у.

«Сиз 30 йилдан бери хорижлик донорлар билан ишлайсиз ва ҳеч ким сизни пул олганингиз учун таъқиб қилмаган. Буни ҳозир бошлайликми? Давлат раҳбари сифатида ҳеч қандай таъқиблар бўлмаслигига кафолат бераман», — деди президент.

Жапаровнинг сўзларига кўра, қабул қилинган қонун «мамлакатга фақат фойда келтиради». «Биз ҳамма нарсани очиқ кўрсатмоқчимиз, шунда ҳамма тенг шароитда ишлайди. Шунда хорижлик донорлар қанча маблағ сарфлангани ва қандай лойиҳалар учун фойдаланилганини кўришлари мумкин бўлади. Ва улар алданмайди», — деди у.

Янги ўзгартиришларга кўра, хорижий вакил хориждан маблағ оладиган ва Қирғизистондаги «сиёсий фаолият»да, жумладан, хорижий манбалар манфаатларини кўзлаб иштирок этувчи нотижорат ташкилот ҳисобланади. Бундай фаолият деганда давлат органлари ва жамоатчилик фикрига таъсир ўтказиш мақсадида ҳаракатларни амалга ошириш тушунилади.

Қонун нодавлат нотижорат ташкилотларини органларга молиялаштириш манбалари, мулк ва ходимлар тўғрисида маълумот беришга мажбур қилади. Бундан ташқари, улар давлат органлари томонидан режали ва режадан ташқари текширувларга дучор бўлиши мумкин, улар ҳам ҳуқуқбузарлик ҳолатларида ташкилот ишини тўхтатиб туриш ҳуқуқини олган.

Қирғизистон парламенти қонун лойиҳасини 14 март куни учинчи ўқишда маъқуллади.

  • Қонун лойиҳаси аввал ҳам халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ, хорижий ҳукуматлар, ҳуқуқ фаоллари, мустақил ОАВ ва маҳаллий жамоат арбоблари томонидан бир неча бор танқид қилинган. Қирғизистоннинг «Адилет» юридик клиникаси адвокатлари мазкур ҳужжат инсон ҳуқуқлари ва мамлакат Конституциясига зид эканини таъкидлаганди.
  • Январь ойида АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам «хорижий вакиллар» тўғрисидаги қонун лойиҳасидан хавотирда эканини билдирганди. Қирғизистон президенти Садир Жапаров буни мамлакат ички ишларига аралашиш деб атаган.
  • 2023 йил сентябрь ойида Қозоғистонда Россиянинг «хорижий агентлар» реестрининг аналоги пайдо бўлганди. Унга журналистлар, ОАВ, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва хорижий компанияларнинг ваколатхоналари киритилган. Реестрга киритилганлар учун ҳеч қандай чекловлар қўйилмайди.