Жогорку Кенеш (Қирғизистон парламенти) «Нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги қонунга «хорижий вакил» тушунчасини киритувчи ўзгартиришларни учинчи — якуний — ўқишда қабул қилди, деб хабар берди 24.kg.

Қабул қилинган тузатишлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларнинг фикрича, Россиянинг хорижий агентлар тўғрисидаги қонунига ўхшаб кетади, шу сабабли қирғиз ОАВ уни норасмий равишда «хорижий агентлар тўғрисидаги қонун» деб атамоқда. Factcheck.kg нашри ҳужжат муҳокама босқичида пайти уни таҳлил қилиб, қонун лойиҳасининг 69,2 фоизи Россия қонунидан кўчирилганини аниқлаган.

Kloop`нинг қайд этишича, қонун лойиҳасига овоз бериш муҳокамасиз қабул қилинган ва икки дақиқа давом этган. 66 депутат маъқуллаб, 5 нафар депутат қарши овоз берган. Энди ҳужжатни президент имзолаши керак.

Қонун лойиҳасига кўра, хорижий вакил хориждан маблағ оладиган ва Қирғизистондаги «сиёсий фаолият»да, жумладан, хорижий манбалар манфаатларини кўзлаб иштирок этувчи нотижорат ташкилот ҳисобланади. Бундай фаолият деганда давлат органлари ва жамоатчилик фикрига таъсир ўтказиш мақсадидаги ҳаракатларни амалга ошириш тушунилади.

Ҳужжат ННТларни ҳокимият органларига молиялаштириш манбалари, мулк ва ходимлар тўғрисидаги маълумотларни беришга мажбур қилади. Бундан ташқари, улар давлат органлари томонидан режали ва режадан ташқари текширувларга дучор бўлиши мумкин, шунингдек, органлар қонунбузилиш ҳолатларида ташкилот ишини тўхтатиб туриш ваколатига эга бўлмоқда.

Қонун лойиҳасининг биринчи таҳрирларида «фуқаролик мажбуриятларини бажаришдан бош тортишга ёки бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларга сабаб бўладиган» нотижорат ташкилотни ташкил этганлик ёки унда иштирок этганлик учун жиноий жавобгарлик ҳам белгиланганди. 20 февралда ушбу қоида ҳужжатдан олиб ташланди.

  • Қонун лойиҳаси аввал ҳам халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ, хорижий ҳукуматлар, ҳуқуқ фаоллари, мустақил ОАВ ва маҳаллий жамоат арбоблари томонидан бир неча бор танқид қилинган. Қирғизистоннинг «Адилет» юридик клиникаси адвокатлари мазкур ҳужжат инсон ҳуқуқлари ва мамлакат Конституциясига зид эканини таъкидлаганди.
  • Январь ойида АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам «хорижий вакиллар» тўғрисидаги қонун лойиҳасидан хавотирда эканини билдирганди. Қирғизистон президенти Садир Жапаров буни мамлакат ички ишларига аралашиш деб атаган.
  • 2023 йил сентябрь ойида Қозоғистонда Россиянинг «хорижий агентлар» реестрининг аналоги пайдо бўлганди. Унга журналистлар, ОАВ, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва хорижий компанияларнинг ваколатхоналари киритилган. Реестрга киритилганлар учун ҳеч қандай чекловлар қўйилмайди.