Қозоғистон Молия вазирлигининг Давлат даромадлари қўмитаси илк бор хориждан молиялаштириладиган шахслар рўйхатини эълон қилди, дея хабар бермоқда Informburo.kz. Бир қатор маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари уни Россиянинг «хорижий агентлар» реестри муқобилига ўхшатмоқда.

Рўйхатнинг 20 сентябрдаги биринчи таҳририда «хорижий давлатлар, халқаро ва хорижий ташкилотлар, шунингдек, чет эл фуқароларидан пул ёки бошқа мол-мулк олувчи» 242 нафар шахс ҳамда ташкилот киритилган. Улар орасида Қозоғистондаги таниқли журналистлар, жамоат арбоблари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари бор, деб ёзади нашр.

Хусусан, реестрга Инсон ҳуқуқлари бўйича Қозоғистон халқаро бюроси, Erkindik Qanaty жамғармаси, Reuters ваколатхонаси, Masa.Media нашри ва бошқалар киритилган.

Бундан ташқари, рўйхатга «Газпромбанк»нинг (Россия) Қозоғистондаги ваколатхоналари, «Киев витамин заводи» ва Нидерландиянинг Марказий Осиёдаги силга қарши кураш бўйича қироллик маркази киритилган.

Қозоғистон қонунчилиги реестрга киритилган ташкилотлар ва шахсларга ҳозирча ҳеч қандай чекловлар қўймайди.

2018 йилдан бошлаб Қозоғистон солиқ қонунчилиги давлат органларига хориждан молиялаштириш бўйича ҳисобот беришни талаб қилади. 2022 йил март ойида бундай маблағ олган шахслар реестри очиқ эълон қилинишини талаб қилувчи тузатишлар қабул қилинди. Ҳукумат ўшанда бу чора «фуқароларнинг давлатга ҳам, нодавлат ташкилотларга ҳам ишонч даражасини оширишга қаратилгани» билан изоҳлаган эди.

Қирғизистон ҳам «хорижий агентлар» реестрини яратишга ҳаракат қилмоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонун лойиҳаси май ойидан бери Жогорку Кенешда кўриб чиқилмоқда. Ҳужжатда «Хорижий вакил функцияларини бажарувчи ННТ» тушунчасини жорий этиш таклиф этилади.

Kaktus.media нашрининг қайд этишича, агар қонун лойиҳаси қабул қилинса, нафақат сиёсий фаолият билан шуғулланувчи ННТлар, балки айрим масалалар бўйича «жамоатчилик фикрини шакллантиришда» иштирок этаётганлар ҳам «хорижий агент» ҳисобланади.