Тошкент шаҳри ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари этиб Дурдона Шукуруллаевна Раҳимова тайинланди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Дурдона Раҳимова 1989 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2013 йили Жиззах давлат педагогика институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2012−2013 йилларда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Жиззах вилояти кенгаши иқтидорли ёшлар ва ёш олимлар билан ишлаш бўлими мудири сифатида бошлаган.

Ўтган йиллар давомида Республика «Камалак» болалар ташкилоти бош мутахассиси, ташкилот бўлими мудири, Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши аппаратининг бошланғич ташкилот етакчилари билан ишлаш бўлими бошлиғи, Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳри кенгаши раиси бўлиб ишлаган.

Раҳимова олдин ҳам — 2020−2022 йилларда Тошкент шаҳри ҳокимининг ўринбосари бўлган. Тайинловга қадар у 2023 йилдан буён спорт вазири ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди.