Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига мурожаатномасида ҳукумат иш услуби ўзгартирилиб, вазирликлар сони қисқартирилишини маълум қилди.

«Биринчи босқичда вазирликлар ислоҳ қилинади, Ҳукумат иш услуби ҳам тубдан ўзгаради. Энг аввало, вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тагача камайтирилади. Энди ҳар бир вазирлик тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширишга масъул бўлиб, тармоқ таркибидаги қўмита, агентлик ва инспекцияларга раҳбарлик қилади», — Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, президент давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 25−30 фоизга қисқаришини айтиб ўтди.

«Кўп вазирлар ўзгаради. Ўз соҳасининг чуқур билимдони, фидойи ва ишидан халқ рози бўлаётган вазирлар лавозимида қолади. Ўйлайманки, бундай ёндашув адолатли бўлади. Давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 25−30 фоизга қисқаради», — деди давлат раҳбари.

Президентнинг маълум қилишича, иқтисод қилинадиган маблағлар ижтимоий масалаларга йўналтирилади, ҳар бир вазирнинг сиёсий мақоми, президент, парламент ва жамоатчилик олдидаги масъулияти оширилади.

Бунга мос равишда жавобгарлиги ҳам кучайтирилади. Уларга аҳоли муаммоларини ҳал қилиш учун етарли ваколат ва маблағ берилади. Вазирликлар фаолиятида очиқлик, қонунийлик, натижадорлик ва сифат асосий мезон бўлади", — деди Шавкат Мирзиёев.