Шавкат Мирзиёев 29 март куни Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларини барқарор ривожлантириш ва рақобатбардошлигини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Жорий йилнинг биринчи чорагида ЯИМ ўсиши 6 фоиздан ортиқ бўлиши кутилмоқда (2023 йилда 5,5 фоиз, 2022 йилда 6,1 фоиз). Хабар қилинишича, бунда «тадбиркорлик фаол қўллаб-қувватланиши ва қиш мавсумида барқарор энергия ресурслари билан таъминланиши ҳисобига» саноат ўсиши қарийб 10 фоизга (4,1%), экспорт ҳажми 3,5 миллиард долларга (5,69 млрд доллар ёки олтин экспортини ҳисобга олмаганда 3,29 млрд долларни ташкил этган) етиши муҳим омил бўлмоқда.

Шу билан бирга, ташқи бозорда рақобат кучайиб бораётган шароитни инобатга олган ҳолда 2024 йилда «бозор иқтисодиёти пойдеворини қуришнинг асосий жараёнларини якунлаб, иқтисодиётни сифат жиҳатидан мутлақо янги даражага олиб чиқиш, корхоналарнинг молиявий мустақиллиги ва барқарорлигини ошириш талаб этилмоқда».

иқтисод, шавкат мирзиёев, яим

Президент йирик давлат корхоналарининг харажатларини мақбуллаштириш, энергия ресурсларини тежаш борасида қилинаётган ишлар натижадорлиги атрофлича кўриб чиқди. Дунё бозоридаги мураккаб шароитда экспорт тушумларини ошириш, корхоналарнинг тўлов қобилиятини мустаҳкамлаш, дебитор қарздорлигини камайтириш, харажатлар асоссиз ўсишининг олдини олиш бўйича аниқ вазифаларни қўйди (энг даромадли ва энг кўп зарар кўрган давлат компаниялари рўйхати).

Шавкат Мирзиёев тадбиркорларга ташқи бозорларга чиқишда қулай ишлаб чиқариш ва логистика занжирларини яратиб бериш, маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш бўйича топшириқ берилди.

Давлат раҳбари ички бозорда нарх-наво барқарорлиги масаласига алоҳида тўхталиб, кундалик истеъмол товарларини маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, корхоналарнинг қувватини оширишга кўмаклашиш зарурлигини таъкидлади.

Президент январь ойи бошида Ўзбекистонда 2024 йил иқтисодий комплекс раҳбарлари ва барча давлат корхоналари учун таннархни қисқартириш ва самарадорлик йили бўлишини таъкидлаганди. Президент ЯИМни камида 6 фоизга кўпайтириш, шунингдек, йирик тармоқларда таннархни 20 трлн сўмга камайтириш зарурлигини қайд этган.