Ўзбекистондаги кўп қаватли хонадонларда аҳолини чиқиндини саралаган ҳолда шохобчага олиб боришга рағбатлантирадиган тизим жорий этилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишда таъкидлади.

Бунда Экология жамғармаси ҳисобидан аҳолига махсус чиқинди пакетлари бепул берилади, аҳоли чиқиндини қайта ишланадиган, қайта ишланмайдиган ва органик тоифага ажратиб, шохобчага олиб боради. Тадбиркор эса қайта ишланадиган фойдали чиқиндини аҳолидан сотиб олади.

Ушбу тизим дастлабки босқичда Тошкент, Андижон, Бухоро, Термиз, Ангрен шаҳарлари ва Тошкент туманида йўлга қўйилиши белгиланди.

Бу ҳақда аввалроқ президент фармони ҳам имзоланганди.

Бунгача бўлган уринишлар

Тошкентда чиқиндиларни ажратилган ҳолда йиғишни жорий этишга 2012 йилдан буён ҳаракат қилинади. Ўшанда маиший чиқиндиларни беш турга (шу жумладан, хавфли чиқиндилар — симобли лампалар) ажратиш режалаштирилганди. Туман ҳокимликларига кўчалар ва жамоат жойларига чиқинди қутиларини ўрнатиш бўйича топшириқлар берилганди. Лойиҳа охиригача амалга оширилмаган.

2014 йилда Ўзбекистон ҳукумати қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатишнинг янги қоидаларини қабул қилди. Мамлакат бўйлаб чиқиндиларни беш турга бўлиш, ЧЙМни эса алоҳида контейнерлар билан жиҳозлаш режалаштирилганди. Бу режалар ҳам тўлиқ амалга оширилмади.

2017 йилда Тошкент ҳокимияти 2018 йилдан бошлаб маиший чиқиндиларни ажратилган ҳолда йиғиш йўлга қўйилишини маълум қилганди.

2019 йил апрель ойида президент томонидан 2028 йилгача қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегия тасдиқланди. Шу муддатгача аҳолини қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари билан 100 фоиз қамраб олиш, қайта ишлаш даражасини 60 фоизга етказиш режалаштирилганди.

2021 йилдан бошлаб Тошкент шаҳридаги бир қатор маҳаллаларда чиқиндиларни ажратилган ҳолда йиғишни йўлга қўйиш режалаштирилганди. 2023 йилдан бошлаб тизим пойтахтнинг барча туманларини қамраб олиши керак эди.