Бухоро вилояти мусиқали драма театрига автобусда кетаётганда ЙТҲга учраган Когон туманидаги 5-сонли ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари Kun.uz мухбирига содир бўлган воқеа тафсилотларини айтиб берди.

Мактаб ўқувчиларининг сўзларига кўра, 18 март куни бешта синфдан 140 нафардан ортиқ ўқувчи иккита автобусга тақсимланган, яъни ҳар бирида 60−70 нафар бола бўлган. Автобуслар тахминан 10:25 да ҳаракатлана бошлаган.

9-синф ўқувчиси Мироншоҳ Жумаевнинг хабар беришича, ҳайдовчи катта тезликда ҳаракатланаётган.

«Ҳайдовчининг тезлиги баланд эди. Автобусдаги кўпчилик буни сезиб, ҳайдовчидан бир неча марта тез ҳайдамасликни сўрадик. Шу орада ён томонимизга келиб нимадир урилди. Бу жуда тез бўлди, нима бўлганини тушунолмай қолдик. Оёғим оғриётганини сездим, кейин ҳамма чиқишни бошлади. Мен ҳам чиқдим. Телефон ва сумкамни ҳам олиб чиқишга улгурдим. Соғлар, юра оладиганлар ҳаммаси бир амаллаб автобусдан чиқдик. Кейин портлаб кетиши мумкинлигидан қўрқиб, тезроқ автобус ёнидан узоқлашишга ҳаракат қилдик. Лекин автобус портламади. Кейин дарров орқамизга қайтиб, чиқолмаётганларга ёрдам бердик. 10−12 киши ичкарида қолиб, чиқолмади, қолганлар ёрдамсиз ўзлари чиқишди», — дейди у.

Ўқувчининг қўшимча қилишича, бахтсиз ҳодиса оқибатида яна бир бола ҳалок бўлган. Воқеа гувоҳларидан яна бири бетон қорадиган машинанинг ёнида бўлган яна бир йўловчи вафот этганини билдирди, аммо буни шифокорлар тасдиқламади.

Мироншоҳ Жумаев бахтсиз ҳодисани эслаганида кучли стрессни бошдан кечираётганини таъкидлади.

«Воқеа ҳақида гапиришни бошласам, ўша дақиқалар кўз олдимда келиб, кўнглим айниб, қусишни бошлаяпман. Стресс таъсири ҳали мендан кетгани йўқ. Қайта- қайта айланяпти», — дейди ўқувчи.

11-синф ўқувчиси Асадбек Ҳамидов ҳам воқеани эслагиси йўқлигини, фақат йўқолган телефонини топмоқчи эканини айтди.

«Ўша пайтда 2−3 боланинг телефони йўқолган. Шуларнинг топилишини хоҳлардик. Ўзимнинг ҳам 2 та телефоним йўқолди. Автобус келиб урилганда қўлимда эди, кейин нима бўлди, билмайман», — деди у.

Ўқувчилар, шунингдек, дастлаб театрга боришни истамаганини билдирди.

Kun.uz мухбири болаларнинг соғлиғи ҳақида маълумот олиш учун Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиали раҳбари Муҳсин Ражабов билан суҳбатлашди.

18 март куни 16 нафар бемор тез тиббий ёрдам бўлимига олиб келинган, деди у. Қолгани Когон туманидаги тез тиббий ёрдам бўлимига олиб кетилган. Когон туманидаги беморларга жавоб берилиб, 3 нафари Бухоро тез тиббий ёрдам бўлимига кўчирилган.

Бош врач мактаб ўқувчилари ҳозир ўзларини яхши ҳис қилаётганини таъкидлади. Автобусдаги бир ўқитувчининг қовурғаси синган ва у жонлантириш бўлимида ётибди. Шифокорнинг қўшимча қилишича, бетон қорадиган машина ҳайдовчиси шифохонадан чиқарилган, бироқ автобус ҳайдовчиси ўмров поғонаси сингани сабабли даволанмоқда.

Беморларнинг ташхиси. Уларнинг деярли ҳар бири бош мия ёпиқ жароҳати ва мия чайқалишини бошдан кечирган.

«[Ўқувчи] Т.О. воқеа жойида вафот этган, бир нафар қиз оғир аҳволда келган эди. Уни сақлаб қолиш учун ҳамма ишни қилдик. Синмаган жойи қолмаган, жароҳатлари оғир эди. Тошкентдаги шифокорлар билан телемедицина ўтказдик. Уни йўқотганимиз учун ўзим депрессияга тушдим», — дейди Муҳсин Ражабов.

РШТЁИМ филиали раҳбари шифохонада қолган мактаб ўқувчиларининг жиддий жароҳатлари йўқлигини ва яқин кунларда уйларига жўнатилишини айтди.

«Фақат стресс бўлгани учун ушлаб турибмиз. 80 фоиз болага жавоб берсак бўлади. 3 нафари даволаниши керак. Улар билан психолог ва невропатолог ҳам ишлаяпти. Озгина оғриқ бўлса ҳам, ўша нарсани кўз олдига келтиришяпти, шунинг учун уларни сақлашга мажбурмиз», — дейди шифокор Хушмамад Арабов.

Болалар билан ишлаган психолог Лобар Сатторованинг айтишича, улар қўрқиб кетган, бир бола синфдошининг ўлимига гувоҳ бўлгани учун қаттиқ стресс ҳолатида бўлган.

«Когонда 19 киши билан, Бухоро шаҳри шифохонасида эса 4 нафар бола билан ишладим. Улар билан яна бир ойгача ишлайман», — деди у.

Воқеа акс этган видеода ЙТҲ содир бўлган чорраҳада светофор ишламаётганини кўриш мумкин. Бетон қорувчи машина катта йўл бўйлаб ҳаракатланиб, чорраҳани кесиб ўтаётганда автобусга урилган.

Белгиланган қоидаларга кўра, болалар ва ўқувчилар учун экскурсия саёҳатларини ташкил этиш учун таълим муассасаси маъмурияти халқ таълими бўлимидан рухсат олиши, ташувчи билан шартнома тузиши ва ҳамроҳликни ташкил этиш учун Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига мурожаат қилиши керак.

ОАВ маълумотларига кўра, мактаб маъмурияти Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизматига мурожаат қилмаган. Ҳайдовчи О.Ш. (1991 йилда туғилган) Buxoro Express Trans корхонасида рўйхатдан ўтган.

Бош прокуратура аввалроқ Бухоро вилоятининг айрим мансабдор шахслари томонидан болаларни автобусларда ташиш ва уларни кузатиб боришни ташкил этиш қоидалари қўпол равишда бузилгани ҳақида хабар берганди. Ҳолат юзасидан «Мансабга совуққонлик билан қараш» моддаси бўйича алоҳида жиноят иши қўзғатилган.