18 март куни Бухоро вилоятининг Когон туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида яна бир мактаб ўқувчиси олган жароҳатлари туфайли шифохонада вафот этди. Бу ҳақда Bugun.uz`га «Суҳор» маҳалласи раиси Б.Тойиров маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, ичидаги мактаб ўқувчилари вилоят мусиқали драма театрига кетаётган автобус юк машинаси (бетон аралаштиргич) билан тўқнашган ва иккаласи ҳам ағдарилганди. Аввалроқ 9-синф ўқувчиси оғир жароҳат олиб, шифохонада вафот этгани хабар қилинган. Автобусдаги қолган 25 нафар йўловчига воқеа жойида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди, деб хабар қилганди ИИВ.

Воқеа акс этган видеода ЙТҲ содир бўлган чорраҳада светофор ишламаётгани кўринади. Бетон аралаштиргич катта йўл бўйлаб ҳаракатланган, ўша вақтда автобус чорраҳани кесиб ўтаётган бўлган, натижада юк машинаси унга бориб урилган.

Автомобиль транспортида йўловчилар ва багаж ташиш қоидаларини ҳамда автобусларда йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлашга доир талабларга мувофиқ, болалар, мактаб, коллеж ва лицей ўқувчилари учун экскурсия, туристик-экскурсия саёҳатларини ташкил этиш мақсадида таълим муассасаси маъмурияти томонидан туман (шаҳар) халқ таълими бўлимидан рухсат олиш ва ташувчи билан шартнома тузиш ҳамда кузатиб боришни ташкил этиш учун Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига мурожаат қилиниши лозим.

Нашрнинг ёзишича, мактаб маъмурияти ЙҲХХга мурожаат қилмаган. Ҳайдовчи О.Ш. (1991 йилда туғилган) Buxoro Express Trans корхонасида рўйхатдан ўтган ва йўловчи ташиш билан шуғулланган. «Янги Ўзбекистон» сайтининг ёзишича, у ҳам олган жароҳатлари туфайли шифохонада вафот этган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқиев Бухоро вилоятига ташриф буюриб, шифохонада ётган ўқувчиларни бориб кўрди.

автобус иштирокидаги йтҳ, мактаб ўқувчилари иштирокидаги йтҳ, йҳхх

Шундан сўнг вазир ўринбосари 5-сонли ихтисослаштирилган мактабда бўлиб, содир бўлган ҳодиса ва унинг сабаблари ҳақида сўз юритар экан, хизмат вазифасига бепарволик, ўқувчилар тақдирига лоқайдлик кечириб бўлмайдиган хато эканини таъкидлади.

ММТВ хабарига кўра, ЙТҲда иштирок этган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарига психологлар бириктирилган.