18 март куни Бухоро вилоятининг Когон туманида мактаб ўқувчиларини олиб кетаётган автобус иштирокида содир бўлган ЙТҲ ортидан мансабдорларнинг эҳтиётсизлиги бўйича алоҳида жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда 19 март куни Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

«Газета.uz» ёзганидек, ЙТҲ оқибатида икки нафар мактаб ўқувчиси ва автобус ҳайдовчиси ҳалок бўлган. Вилоят театрига кетаётган автобусда 27 нафар ўғил бола бўлиб, қизлар бошқа автобусда борган. Ҳодиса светофори ишламаётгани тахмин қилинган чорраҳада юзага келган. Катта йўл бўйлаб кетаётган бетон аралаштиргич автобусга урилган (йўл ҳаракати қоидаларига кўра, светофор ишламаган тақдирда, автобус ҳайдовчиси унга йўл бериши керак эди).

Бухоро вилояти прокуратураси томонидан ўтказилган текширишда айрим мансабдор шахслар мактаб болаларини автобусда ташиш ва ҳамроҳлик қилиш ишларини ташкил этишда қўпол қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйгани аниқланган, дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилган.

ЙТҲ юзасидан эса Бухоро вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов органи томонидан бир кун аввал ЖКнинг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.

«Тергов ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиши ва натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», — дейилади Бош прокуратура хабарида.