Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Миробод тумани судининг 5 март куни бўлиб ўтган йиғилишида беш киши оғир жароҳат олишига сабаб бўлган йўл-транспорт ҳодисасини содир этган Toyota Camry ҳайдовчиси — 18 ёшли Н.Т.га нисбатан иш кўриб чиқилди.

«Газета.uz» ўрганган суд материалларига кўра, ўтган йилнинг 20 ноябрь куни Буюк Британиянинг Бангор университети 2-курс талабаси, Бухоро вилоятида туғилган 18 ёшли йигит Абдулла Қодирий кўчаси бўйлаб 80−85 км/соат тезликда ҳаракатланган. Хавфли қувиб ўтиш манёврини амалга оширган ва бошқа машина билан тўқнашишнинг олдини олишга уриниб, чапга бурилган, оқибатда бетон бордюрга урилган. Машина ағдарилиб, қарама-қарши йўлакдаги Nexia билан тўқнашган. Автомобилда транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси бўлмаган.

Ҳодиса оқибатида Nexia ҳайдовчиси ва ундаги тўрт нафар Хитой фуқароси жабрланган. Уларда турли хил синишлар, мия чайқалиши ва бошқа жароҳатлар (жигар ўнг бўлагининг ёрилиши, қориннинг ёпиқ шикастланиши, бош миянинг ёпиқ синиши, гематома, гемоперитонеум, 3-даражали травматик шок, пост-травматик анемия ва бошқалар) юзага келган. Икки нафари ўртача оғирликдаги, яна икки нафари оғир, ҳаёт учун хавфли бўлган жароҳатлар олган.

Nexia`га етказилган зарар 28 миллион 280 минг сўмни ташкил этган.

Toyota ҳайдовчиси ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, кечирим сўраб, жабрланувчиларга даволаниши ва бошқа харажатлари учун 200 миллион сўм тўлаганини айтган. У суддан «оилавий ва моддий аҳволини» инобатга олган ҳолда жазони енгиллаштиришни сўраган.

Nexia ҳайдовчиси етказилган зарар тўлиқ қопланганини тасдиқлаган. У судланувчига нисбатан ҳеч қандай шикояти йўқлигини айтиб, суддан жазони енгиллаштиришни сўраган.

Судда бошқа жабрланувчиларнинг кўрсатмалари ўқиб эшиттирилган, бироқ суд қарорида уларнинг мазмуни ошкор этилмаган.

Ш. Шерматов раислигидаги суд Н.Т.ни Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса) билан айбдор деб топиб, 1 йил муддатга автомашина бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Шунингдек, давлат фойдасига БҲМнинг 10 баравари (3,3 миллион сўм) миқдорида жарима ундирилди.

Аммо ушбу моддада назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун жазо БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишларини назарда тутади.

Август ойида рулда кетаётганини видеога олиб, светофорда Nexia-3 билан тўқнашган Equinox ҳайдовчиси ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқлиги ва йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун атиги 1 млн 650 минг сўм миқдорида жаримага тортилганди. Суд Nexia-3 ҳайдовчисига ҳам гувоҳномаси йўқлиги учун худди шу миқдорда жарима солган.