17 август куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман суди светофорда турган бошқа машинага келиб урилган Equinox ҳайдовчисига нисбатан жарима жазоси тайинланди. «Газета.uz» суд қарори тафсилотларини ўрганди.

Йўл-транспорт ҳодисаси 16 июль куни Кўкча дарвоза ва Сақичмон кўчалари чорраҳасида содир бўлгани ҳақида аввал ёзган эдик. Equinox автомашинасини 18 ёшли М.Р (2005 йилда туғилган) бошқарган. Ҳайдовчи машина ҳаракатланаётган вақтда бир қўли билан рулни ушлаб, иккинчи қўли билан телефон камерасига видео суратга олиб кетаётганда светофорнинг қизил чироғида тўхтаб турган Nexia-3 автомашинасига бориб урилган. Ижтимоий тармоқларда ушбу бахтсиз ҳодиса акс этган видео тарқалди.

Суд-тиббий экспертизаси Nexia-3 ҳайдовчиси ва йўловчиси (1990 ва 1986 йилларда туғилган) «соғлиғининг қисқа муддатга ёмонлашишига сабаб бўлган енгил тан жароҳатлари» олганини кўрсатди.

Иш материалларига кўра, Equinox ҳайдовчиси ҳайдовчилик гувоҳномаси ёки ишончномасиз автомобилни бошқарган. Акасининг машинасини бошқарган Nexia-3 ҳайдовчисида ҳам ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган.

Суд жараёнида Equinox эгаси А.Р.нинг маълум қилишича, 16 июль куни у набирасидан автомашинага ёнилғи қуйиб келишни сўраган, бироқ унинг эътиборсизлиги туфайли бахтсиз ҳодиса содир бўлган.

Суд М.Р.ни 135-моддаси 2-қисми (Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларнинг шу воситаларни бошқариши, худди шунингдек бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга транспорт воситаларини бошқаришнинг топширилиши) ва 133-моддаси (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши) Иккита ҳуқуқбузарлик учун судья БҲМнинг 5 баравари (1,65 миллион сўм) миқдорида жарима белгилади.

Шунингдек, суд ундан жабрланувчининг машинасига етказилган зарар учун 25 миллион сўм ундиришга қарор қилди.

Шу билан бирга, Equinox эгаси А.Р.га 135-модданинг 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун БҲМнинг 5 баравари (1,65 миллион сўм) миқдорида жарима солинган.

Nexia-3 автомашинасини бошқариб кетаётган жабрланувчи У.Д.га Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси 2-қисми билан ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмагани учун худди Equinox ҳайдовчисига белгиланган жарима (1 миллион 650 минг сўм) жазоси тайинланди. Унинг акаси О.Д.га ҳам автомашина бошқарувини гувоҳномасиз бўлган У.Д.га топширгани учун БҲМнинг 5 баравари миқдорида жарима солинган.

Суд қарорида Equinox тезлиги ҳақида маълумот йўқ, шунингдек, рулда телефондан фойдаланиб, видеога олган ҳайдовчининг ҳаракатларига баҳо берилмаган.