Ўзбекистонда 2024 йилнинг февраль ойида газ қазиб олиш ҳажми 3,71 миллиард куб метргача камайди. Статистика агентлигининг саноат ишлаб чиқариши бўйича ҳисоботида бу ҳақда сўз боради, «Газета.uz» мазкур ҳужжатни ўрганди.

Бу ўтган йилнинг сентябрь ойидан бери минимум ҳисобланади (3,77 млрд). Йиллик ҳисобда — 2023 йилнинг февралига нисбатан ишлаб чиқариш 3,5 фоизга ёки 137,5 миллион куб метрга, жорий йилнинг январида эса 284,2 миллион куб метрга камайди. Таққослаш учун: 2019 йил февраль ойида ишлаб чиқариш 4,81 миллиард куб метрни ташкил этди. Шундай қилиб, сўнгги беш йил ичида ойлик ишлаб чиқариш 1,1 миллиард куб метрга пасайди.

Қишнинг сўнгги ойида электр энергияси ишлаб чиқариш 6,42 миллиард кВт/соатни ташкил этди, бу ўтган йилнинг февраль ойига (мамлакат энергетика инқирози юз берган даврга) нисбатан 547,6 миллион киловатт/соатга, ўтган ойдаги кўрсаткич эса 626,6 миллион киловатт/соатга кам.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг қарийб 80−85 фоизи газда ишлайдиган иссиқлик электр станцияларига тўғри келади, бироқ фотоэлектростанцияларининг янги қувватлари ишга туширилиши билан уларнинг улуши камайиб бормоқда.

Кўмир қазиб олиш ўтган йилнинг февраль ойига нисбатан 12,8 фоизга ошиб, ҳажм 301,2 минг тоннани (+34,2 минг) ташкил этди. Рақамлар ўтган ойга нисбатан (357,8 минг тонна) 56,6 минг тоннага камайган.

Нефть қазиб олиш 58 минг тоннагача (январга келиб -4,1% ёки минус 2500 тонна) камайди, бу 2022 йил февралидан бери энг паст кўрсаткичдир. 2023 йилнинг февралига нисбатан пасайиш 4800 тоннани (-7,6%) ташкил этди. Ишлаб чиқариш еттинчи ой кетма-кет пасайди.

Февраль ойида ҳам 116,5 минг тонна автомобил бензини ишлаб чиқарилди, бу январь ойига (124,6 минг) нисбатан 6,5 фоизга ёки 8,1 минг тоннага, йиллик ҳисобда эса 7,8 минг тоннага камдир.

Дизель ёнилғиси ишлаб чиқариш бир ой давомида 22,7 минг тоннага ошиб, 72,9 мингтага етди (2023 йил февралига нисбатан +12,7 минг).

2023 йил охирида Ўзбекистонда газ қазиб олиш қарийб 5 миллиард куб метрга камайди. Нефть ва газ конденсатини чиқариш ҳам пасайди. Шу билан бирга, кўмир қазиб олиш 15,5 фоизга ўсди — 6,2 миллион тоннагача. Электр энергияси, бензин ва дизель ишлаб чиқариш ҳам ошди.

Ўтган йили Ўзбекистон экспорт қилганидан кўра кўпроқ газ импорт қилганди. Етказиб бериш орасидаги фарқ 165 млн доллардан ошди. «Газета.uz» мамлакат ичида улкан газ захиралари бўлишига қарамай, бу ҳолат юзага келишига сабаб бўлган омилларни ўрганишга ҳаракат қилганди.

Бир неча кун олдин Ўзбекистондаги энг йирик газ ишлаб чиқарувчи «Ўзбекнефтгаз» компанияси газ қазиб олишни кўпайтириш учун юзлаб миллион доллар сармоя киритаётгани, бироқ унинг ишлаб чиқариш ҳажми пасайиб бораётгани ҳақида ёзгандик.