Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 25 март куни Наманган вилоятининг Чуст туманида Хитой билан ҳамкорликда мис рудасини қазиб олиш ва қайта ишлаш лойиҳаси билан танишди.

Тақдимотда қайд этилишича, лойиҳа қиймати 200 миллион долларга баҳоланган, қуввати йилига 30 минг тонна мис (таққослаш учун: Ўзбекистонда ушбу металлнинг энг йирик ишлаб чиқарувчиси Олмалиқ кон-металлургия комбинати ўтган йили 148 минг тонна мис ишлаб чиқарган). Лойиҳа Хитойнинг China Mining Energy Group компанияси томонидан амалга оширилади. 420 та иш ўрни яратилиши, бюджетга 121 миллиард сўм даромад келтирилиши кутилмоқда.

Геологик қидирув ишлари апрель ойида бошланиши режалаштирилган.

Компания матбуот котиби Лиу Фанг Юаннинг айтишича, 2003 йилда ташкил этилган China Mining Energy Group 32 миллиард долларлик активларга ва 40 минг ходимга эга. Компания 17 мамлакатда олтин, мис ва алюминий қазиб чиқаради.

2021 йил октябрь ойида собиқ Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Ўзбекистон мис маҳсулотларини сотишдан 2,5 миллиард доллар даромад олаётгани, бу металлнинг қарийб 60 фоизи хомашё сифатида экспорт қилингани ҳақида хабар берган эди. 2030 йилга бориб электр транспорт воситалари ва электр жиҳозлари ишлаб чиқаришнинг кўпайиши ҳисобига жаҳон талабининг 40 фоизга ўсиши кутилмоқда. Вазирликка ОКМК мис кластери негизида электр зарядлаш шохобчалари, шунингдек, электромобиллар ва электробуслар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш тавсия этилди.