Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги шифохоналардан бирининг ертўласида янги туғилган чақалоқ ташлаб кетилгани айтилган хабар тарқалди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳолат 21 март куни содир бўлганини маълум қилди.

Қайд этилишича, чақалоқни номаълум шахс вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази травматология бўлими биносининг иккинчи қаватга кўтарилиш зинасининг тагида қолдириб кетилган. Ҳодиса содир бўлган жой тергов-тезкор гуруҳи томонидан кўздан кечирилган.

Чақалоқ тиббий кўрикдан ўтказилганда туғилганига йигирма кун бўлгани, умумий аҳволи қониқарлилиги, танасида тан жароҳатлари йўқлиги аниқланган. Ҳозирги кунда у Китоб туманида жойлашган вилоят болалар уйига жойлаштирилган ва соғлом.

Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд шаҳрида туғилганига 4−5 кун бўлган 2 чақалоқ кўп қаватли уйнинг кириш йўлагида қолдириб кетилганди. Сумкага солинган қиз чақалоқларни ҳудуд ҳамшираси топиб олган. Болаларни ким қолдириб кетгани ҳозирча номаълум.