Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева Женева шаҳрида Парламентлараро иттифоқ (ПИ) раиси Тулия Эксон билан учрашув ўтказди, дея хабар берди Сенат матбуот хизмати.

Учрашувда Ўзбекистон ва Парламентлараро иттифоқ ўртасидаги ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш масалалари, шунингдек, ҳамкорликда ўтказиладиган тадбирларнинг ташкилий масалалари муҳокама қилинди.

«Ўтган қисқа муддат ичида Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқнинг ажралмас қисмига айлангани, ҳамкорликда Бухоро шаҳрида Барқарор ривожланиш мақсадларига бағишланган Халқаро парламент форуми ҳамда Тошкент шаҳрида Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарлари 14-саммитининг муваффақиятли ўтказилгани бунга ёрқин мисол бўла олиши алоҳида таъкидланди», — дейилади хабарда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан келаси йили Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Ўзбекистонда ўтказилиши маълум қилинди.

Учрашувда Ўзбекистонда 150-Ассамблеяни ҳамда унинг тегишли мажлисларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратилди.

«Ўзбекистон ушбу Ассамблеяга мезбонлик қилаётганидан хурсандмиз, чунки айнан сизнинг мамлакатингиз бундай шарафга муносибдир. Мен Тошкентдаги юбилей Ассамблеяни ПИ ва бутун жаҳон парламентаризми тарихидаги унутилмас воқеага айлантириш учун бор кучимни ишга солишга тайёрман» — дея таъкидлади Тулия Эксон.

Шунингдек, 2025 йилда Тошкентда ўтказиладиган тадбир якунларига кўра Ташкилот бутун жаҳон парламент ҳаракатининг ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги устувор йўналишларини белгилаб берадиган тегишли ҳужжатни қабул қилишни режалаштираётганини маълум қилди.