Ижтимоий тармоқларда Хoliqjon Vines тахаллуси билан танилган вайнер Холиқжон Самадов ҳамда унинг шериклари қамалди, дея хабар бермоқда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, улар Бухоро шаҳрида автомобилда ҳаракатланиб, йўл белгисига қасддан шикаст етказиш билан боғлиқ саҳналаштирилган ҳолатни тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатган.

Видеода вайнер шаҳарнинг «Намозгоҳ» кўчасида Nexia 2 автомашинасида ҳаракатланиб келиб, уни икки нафар шериги устига ҳайдагани, сўнгра улар йўл четига чиқиб улгургач, машина йўл белгисига урилиб, унга зарар етказганини кўриш мумкин.

Видеотасвир бўйича вилояти ИИБ томонидан суриштирув ўтказилиб, транспорт воситаси эгаси ва уни ҳайдаган шахс аниқланган. Машина жарима майдонига қўйилган.

Суд вайнернинг тўрт нафар шеригига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) билан 5 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган. Ушбу ҳолатнинг асосчиси бўлган Холиқжон Самадовга нисбатан узил-кесил 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Вайнер Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддаси 1-қисми (Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқаришда хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслиги), 128(5)-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши), 147-моддаси (Йўлларга, йўл иншоотларига, йўл ҳаракатини тартибга солиб турувчи техник воситаларга шикаст етказиш), 183-моддаси (Майда безорилик)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича айбли деб топилган.