«Газета.uz» 15 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга учувчисиз учиш аппаратларини (УУА), уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш учун жазони енгиллаштирувчи ўзгартишларни имзолаганини ёзди. Ўзгартиришлар уч ойдан сўнг — 17 июндан кучга киради.

Ўзбекистонда 2015 йилда дронларни олиб кириш ва улардан фойдаланишни тўлиқ тақиқлаш жорий қилинган эди. 2019 йилда бунинг учун жиноий жавобгарлик — 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланди (мажбурий декларация билан транзит қилинганларидан ташқари).

Жазонинг жиддийлиги ва тақиқнинг мавжудлиги доимий равишда жамоатчилик томонидан танқид қилиниб келинган. Ўзбекистонда дронлардан фойдаланиш тақиқланганидан бехабар хорижлик сайёҳлар бир неча бор жавобгарликка тортилган.

Президент томонидан имзоланган ва Lex.uz`да эълон қилинган қонуннинг муқаддимасида қуйидагилар эътироф этилади:

«Суд-тергов амалиётининг таҳлили Ўзбекистон Республикаси ҳудудида учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб киришни, шунингдек ўтказишни, олишни, сақлашни ёки улардан фойдаланишни содир этганлик учун белгиланган жиноий жавобгарлик чоралари мазкур қилмишларнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти ва даражасига номутаносиб эканини кўрсатди, бу ўз навбатида, фуқароларнинг, шу жумладан туристларнинг асосли эътирозлари кўпайишига сабаб бўлган.

«Республикамизда туризм соҳасида олиб борилаётган туб ислоҳотлар туристик инфратузилмани ривожланиши ва яхшиланишига, туристлар учун қўшимча қулайликлар яратилишига, кўрсатилаётган хизматлар сифатининг оширишига доир кенг кўламли ишларни амалга ошириш имконини бермоқда. Шу билан бирга, барқарор туризмни ривожлантиришни янада жадаллаштириш мамлакатимизнинг туристик жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатадиган омилларни бартараф этишни талаб қилади», — дейилади қонунда.

Янги қонунга кўра, ушбу ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 20 бараваригача (3,4 миллион сўмдан 6,8 миллион сўмгача) миқдорда жарима белгиланди. Аппаратларни ва бутловчи қисмларни ихтиёрий равишда топшириш учун жавобгарликдан озод қилиш назарда тутилган.

Жиноят кодексида озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазодан ташқари, муқобил жазо турлари жорий этилган: жарима, ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликни чеклаш. Улар биринчи жаримадан кейин жиноят содир этганликлари учун қўлланади.

«Қонун фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари янада ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга, шунингдек, республикамизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади», — дейилади ҳужжатда.