Ўзбекистон ва Қозоғистон бир-бирининг ҳудудига ҳар икки давлат томонидан истеъмол қилинадиган сувнинг аниқ ҳажмини ҳисоблаш имконини берувчи ҳисоблагичлар ўрнатишга келишиб олди, деб хабар қилди Қозоғистон сув хўжалиги ва ирригация вазирлиги матбуот хизмати.

Томонлар ўзаро сув истеъмоли ҳақида онлайн тарзда маълумот алмашади. Ҳозирда ҳар икки давлат мутахассислари сув ҳисоблагичлари қаерга ўрнатилиши устида ишламоқда. Халқаро ташкилотларни мазкур лойиҳага жалб этиш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.

Илгари Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасидаги Шимолий ва Катта Фарғона каналлари бўйлаб суғориш учун сарфланадиган сув ҳажмини аниқроқ ўлчаш имконини берувчи «Патар» ва «Сарвак» трансчегаравий ўлчаш станциялари ўрнатилган эди. Иккала давлат истеъмол қилаётган сув чегара ҳудудида аввал ҳам ўлчанарди, аммо ускуналар эскирган эди. Швейцария ҳукуматининг Blue Peace Central Asia ташаббуси кўмагида ўлчаш станциялари янгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон 2023 йилда Ўзбекистон ва Қирғизистон билан Сирдарё ҳавзасидаги сув-энергетика ресурсларидан фойдаланиш бўйича келишувни ўзгартириш ниятида эканини маълум қилган эди. Қозоғистон томони Ўзбекистондан келаётган ифлослантирувчи моддалар туфайли дарёнинг экологик ҳолати бузилганини билдирган.