Россияда президентлик сайлови якунланди. Биринчи марта сайлов уч кун давомида — 15 дан 17 мартгача бўлиб ўтди. Кутилганидек, сайловда Владимир Путин ғолиб бўлди. Овоз бериш кунларида мамлакат бўйлаб ўнлаб вандализм ҳолатлари қайд этилди ва сайловнинг сўнгги кунида мухолифатнинг «Путинга қарши пешин» («Полдень против Путина») акцияси бўлиб ўтди. Овоз бериш якунлари ҳақида асосий хулосалар «Газета.uz» материалида.

Путин 87 фоиздан кўпроқ овоз билан ғалаба қозонди

Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, протоколларнинг 99 фоиздан ортиғи кўриб чиқилгач, амалдаги президент Владимир Путин 87,32 фоиз овоз тўплади — бу унинг Россияни бошқарган деярли 25 йиллик тарихидаги энг юқори натижадир. 2018 йилги сайловларда Путин 76,69 фоиз овоз олган. Бу унинг бешинчи президентлик муддати бўлади. 2020 йилда конституцияга киритилган ўзгартиришлар Путинга аввалги муддатларни «ноллаштириш» имкон берди.

Иккинчи ўринда Коммунистик партиядан Николай Харитонов (4,30 фоиз овоз), учинчи ўринда «Янги халқ» партиясидан Владислав Даванков (3,82 фоиз), тўртинчи ўринда Либерал-демократик партиядан Леонид Слутский (3,20 фоиз) қайд этилди. Ҳаммаси бўлиб улар 13 фоиздан кам овоз тўплашди. Мустақил номзодларнинг сайловда иштирок этишига рухсат берилмади.

Сайловдаги давомад 77,44 фоизни ташкил этди. Россия Марказий сайлов комиссияси бу замонавий Россия тарихида рекорд бўлганини таъкидлади.

Россия томонидан босиб олинган Украина вилоятларида ҳам овоз бериш ташкил этилди. BBC рус хизматига кўра, Запороже, Херсон, Донецк ва Луганск вилоятлари аҳолиси сайловда ўз уйларида қатнашишга мажбур бўлган, сайлов комиссиялари аъзолари эса ҳарбийлар ҳамроҳлигида уйларга келган.

Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон ва Беларус президентлари аллақачон Путинни қайта сайлангани билан табриклади.

Путиннинг ўзи МСК маълумотлари эълон қилинганидан кейин ўтказган матбуот анжуманида сайлов натижалари россияликлар томонидан «ишонч» эканини таъкидлади ва «режалаштирилгандек ишлаймиз, деган умиддамиз», деди. У сайловчиларнинг юқори фаоллигини «мамлакат бошидан кечираётган воқеалар драмаси» ва «ҳозирги вазият» билан боғлади.

Ҳудудлардаги вандализм

Россияда 2024 йилги сайловлар мисли кўрилмаган даражадаги вандализмга дуч келди, дея таъкидлади «Агентство», Republic ва BBC рус хизмати. Овоз беришнинг биринчи кунида мамлакатда сайловчиларнинг сайлов қутиларига сиёҳ ёки яшил бўёқ тўкиши, шунингдек, сайлов участкаларига ўт қўйишга уринган камида 15 та ҳолат қайд этилди.

Россия ИИВ маълумотларига кўра, асосан «сайлов ҳуқуқларини амалга оширишга тўсқинлик қилиш» моддаси бўйича сайлов участкаларига ранг берувчи ва тез ёнувчи суюқликлар олиб кириш бўйича 52 та ҳолат бўйича 33 та жиноий иш очилган. Максимал жазо — беш йил озодликдан маҳрум қилиш. Кўпгина маҳбуслар телефон фирибгарлари томонидан бу воқеаларга мажбурланганини даъво қилмоқда.

«Путинга қарши пешин»

Сайловнинг сўнгги кунида бутун Россия ва кўплаб мамлакатларда мухолифатнинг «Путинга қарши пешин» кенг кўламли акцияси бўлиб ўтди. Владимир Путинга қарши чиққан россияликлардан 17 март куни соат 12:00 да сайлов участкаларига келишлари ва исталган муқобил номзодга овоз беришлари ёки бюллетенни бузишлари сўралган.

«Верстка» нашрининг ёзишича, якшанба куни тушдан кейин Москва, Санкт-Петербург, Новосибирск, Екатеринбург, Челябинск, Перм ва Россиянинг бошқа шаҳарларидаги объектларда навбатлар пайдо бўлган. «ОВД-Инфо» инсон ҳуқуқлари лойиҳасига кўра, акция давомида полиция Россиянинг 21 шаҳрида 85 кишини қўлга олган.

Россиянинг хориждаги элчихоналарида: Лондон, Берлин, Тел-Авив, Париж, Ереван, Таллин, Рига, Пхукет, Бишкек, Олмаота ва бошқа шаҳарларда ҳам «Путинга қарши пешин» намойиши чоғида сайловчилар навбатлари пайдо бўлди. BBC ҳисоб-китобларига кўра, акцияда чет элда юзлаб, айрим шаҳарларда эса минглаб одамлар иштирок этган. Улар бир неча соат навбатда туришди.

Соат 12:00 га келиб Россиянинг Тошкентдаги элчихонасида ҳам катта навбат пайдо бўлди. «Газета.uz» мухбирларининг ёзишича, у 500 метргача чўзилган. «Газета.uz» суҳбатлашган сайловчилар сайловда иштирок этишни ўзларининг фуқаролик бурчи, деб билишларини таъкидлади.

Россия элчихонаси маълумотларига кўра, 17 март куни Ўзбекистонда 4600 дан ортиқ россиялик овоз берган. Тошкентдан ташқари Самарқанд шаҳрида ҳам сайлов участкаси очилди. Овоз бериш «хотиржам, дўстона муҳитда» ўтди", — дейилади дипломатик миссия хабарида.