Россияда президентлик сайловларида овоз бериш бошланди ва жараён уч кун — 15, 16 ва 17 март кунлари давом этади. Бир қатор ҳудудларда масофавий электрон овоз бериш йўлга қўйилди.

Сайловда тўрт нафар номзод қатнашмоқда (алифбо тартибида):

  • «Новые люди» партиясидан Владислав Даванков;
  • амалдаги президент Владимир Путин;
  • Либерал-демократик партиясидан Леонид Слутский;
  • Коммунистик партиясидан Николай Харитонов.

Путин бешинчи марта давлат раҳбари лавозимига даъвогарлик қилмоқда. У Россияни 2000 йилдан буён бошқариб келади. 2020 йилда мамлакат конституцияга унинг президентлик қилган муддатларини «нолга» тенглаштириш ва яна икки марта сайланишига имкон берувчи ўзгартириш киритилганди.

Мустақил номзодларга сайловда қатнашишига рухсат берилмади, дея қайд этади BBС рус хизмати. Россия Марказий сайлов комиссияси журналист Екатерина Дунтсова ва сиёсатчи Борис Надеждинни рўйхатга олишни рад этди, уларнинг иккаласи ҳам Россиянинг Украинага бостириб киришини танқид қилиб, урушни тугатиш тарафдори бўлган.

Россия президенти сайловлари аннекция қилинган Қримда ҳамда Украинадаги уруш пайтида рус армияси томонидан босиб олинган Донетск, Луганск, Херсон ва Запороже вилоятлари ҳудудларида ҳам ўтказилмоқда. Украина Ташқи ишлар вазирлиги босиб олинган ҳудудларда яшовчи ватандошларини «Россия президентининг „сохта сайловларида“ қатнашмасликка», хорижий давлатларни эса уларнинг натижаларини тан олмасликка чақирди.

Биринчи турда сайловда ғалаба қозониш учун номзод овоз беришда қатнашган сайловчиларнинг ярмидан кўпини қўлга киритиши керак. Сайланган президентнинг ваколат муддати олти йил бўлади.