14 март куни президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида томорқа ва уй хўжаликларидаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш орқали аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди.

«Кўп одамларимиз интиляпти, яхши яшашга ҳаракат қиляпти. Буларга салгина туртки керак, салгина манба, маблағ керак. Мана шу маблағ билан келдим. Сайхунободга тадбиркорлик, бандлик, камбағалликдан чиқаришга катта-катта маблағлар ажратяпмиз», — деди президент «Ўзбекистон 24» телеканалидаги чиқишида.

Унинг сўзларига кўра, ажратилаётган маблағ ва имкониятлар вилоятдаги 83 минг аҳолининг ҳаммасига ҳам етиб бормаяпти. Масъулларга тумандаги 19 та маҳалла ва 794 та кўчани номма-ном бўлиб олиб, бу йил тадбиркорлик учун бериладиган 200 миллиард сўм ҳисобидан уларни ҳар бирига техник иқтисодий асос ишлаб чиқиш вазифасини қўйилди. Ҳар бир маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси «1 сотих томорқадан камида 1−2 миллион сўм даромад» деган мезон асосида аҳоли учун бизнес режа ишлаб чиқади.

«Хитойликлар қандай-қандай катта натижаларга эришганини ҳокимлар ўзлари кўриб келди. У ерда тартиб, интизом бор, 24 соат халқ учун меҳнат бор. Шуни қилса бўладими? Албатта, бўлади. Фақат бизга битта нарса — хоҳиш, интилиш, эрта туриб меҳнат қилиш керак. Бугун бўладиган гаплар фақат Сайхунободга тегишли эмас. Ҳамма вилоят ҳокимлари 10 кунда ўз туманларини таҳлил қилади, ҳар бир туманга ўзи бориб, масъулларга қандай ишлашни тушунтиради», — деди президент.

Сайхунобод туманидаги иқтисодий идораларда 138 нафар ходим ишлайди, дея маълум қилди Шавкат Мирзиёев.

«Адолатли айтсак, виждони бўлса, шунча одам олган ойлигини оқламаган. Уларнинг Тошкентда ўтирган ва вилоятдаги раҳбарлари пастга тушиб ўргатмаган, талаб қилмаган, бефарқ бўлган. Нари борса, йиғилиш қилиб, умумий топшириқлар билан чекланган», — деди у.

Давлат раҳбари туманда 2 минг 400 та ишсиз борлиги, камбағаллик даражаси 14 фоизлиги, маҳаллий бюджет тушуми 27 млрд сўмлиги, харажати эса 67 млрд сўмлигини таъкидлади. «Бир сўз билан айтганда, Сайхунободда тадбиркорлик ўсмаяпти, Янги Ўзбекистон нафаси сезилмаяпти, — деди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари, Сайхунобод тумани ҳокими ва унинг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, ўрнига замонавий раҳбарлар қўйилди.