Ўзбекистон Германиядан келган иш берувчиларга шифохоналар, металлургия ва транспорт соҳаларида ишчилар етишмаслигини тўлдиришни таклиф қилмоқда, деб хабар қилди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев ва Германиянинг Mangold Consulting Gmbh компанияси президенти Клаус Манголд ўзбекистонлик фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш ва уларни Германияда талаб юқори бўлган ишларга жалб қилиш масалаларини муҳокама қилди.

Хусусан, Германиядаги 1000 дан ортиқ шифохоналарга тиббиёт ходимлари етишмаётгани ва бу борада Ўзбекистон томони ушбу бўшлиқни тўлдиришга тайёрлиги таъкидланди.

Германияда металлни қайта ишлаш корхоналаридаги мехатроника, логистика, юк автомобили ҳайдовчилиги йўналишларида ҳам катта талаб борлиги айтиб ўтилди. Томонлар барча келишувларни тезроқ ҳаётга татбиқ этиш учун ҳуқуқий асосларни ишлаб чиқишга келишиб олди, дея қўшимча қилинади хабарда.

Бироқ ушбу жараённи тил билишдаги муаммолар секинлаштириб юбораётгани ва бу борада тил бўйича қўйилган талабларни юмшатиш таклиф этилди. Жумладан, немис тили ўқув курслари муддатини қисқартириш зарурлиги билдирилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ агентлик Германияда ўзбекистонликлар учун 50 минг бўш иш ўрни мавжудлиги ҳақида эълон берганди. Фуқаролар ҳамширалик, ҳайдовчилик касблари, шунингдек, меҳмонхона, ресторан, туризм ва бошқа соҳаларда ишлаши мумкинлиги айтилган.