Дания биринчи марта аёллар учун ҳарбий хизматни жорий қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Метте Фредериксен маълум қилди, дея хабар берди AP. Ҳозирда мамлакатда аёллар учун хизмат ихтиёрий ҳисобланади.

Бундан ташқари, Дания ҳукумати ҳар икки жинс вакиллари учун ҳам мажбурий ҳарбий хизмат муддатини тўрт ойдан 11 ойгача узайтирмоқчи.

Айни пайтда Дания армиясида асосий тайёргарликдан ўтаётган 4700 чақирилувчидан ташқари 9000 нафаргача профессионал аскар бор. Ҳукумат томонидан муҳокама қилинаётган чора-тадбирлар муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчилар сонини 5000 нафарга етказиш учун зарур.

«Қайта қуроллантираётганимизга сабаб уруш хоҳлаётганимиз эмас. Аксинча, урушдан қочишни хоҳлаётганимиз учун қайта қуроллантиряпмиз», — деди Фредериксен. Бош вазирнинг сўзларига кўра, шу йўл билан ҳукумат «жинслар ўртасида тўлиқ тенгликка» эришмоқчи.

Ҳарбий хизматга чақириш тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар 2025 йилда қабул қилиниши, 2026 йилда эса кучга кириши кутилмоқда. Дания Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, чақирилувчилар қўшимча тайёргарлик билан бирга беш ойлик бошланғич тайёргарлик ва олти ойлик оператив хизматдан ўтади.

Европадаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият «борган сари жиддийлашмоқда ва биз келажакдаги мудофаа ҳақида ўйлаганимизда буни ҳисобга олишимиз керак», деди Дания мудофаа вазири Троэлс Лунд Поульсен. «Муддатли ҳарбий хизматга чақириш учун барча жинсларни ўз ичига олувчи кенгроқ асос бўлиши керак», — деди у ва бу «янада универсал ва кенгроқ ҳимоя» яратишини қўшимча қилди.

  • Дания Европада аёлларни ҳарбий хизматга чақиришни жорий қилган учинчи давлатга айланади. Норвегия ва Швеция буни мос равишда 2015 ва 2017 йилларда амалга оширган.