Миллий гвардия ахборот хизмати АОКАда ўтказилган брифингда мактабларда ўтказилган дастлабки ўрганишлар ва кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида ўқувчилар давомати ижобий томонга ўзгараётганини маълум қилди.

Келтирилишича, ҳозирда мактаблардаги инспектор-психологлар ва маҳалла еттилиги ҳамкорликдаги ишлар ўз самарасини бермоқда. Хусусан, вилоятлар бўйлаб олиб борилаётган манзилли ишлар доирасида туман ва маҳаллалар кесимида ҳар бир мактаб ўрганилмоқда ва унда дарсга келмаган 146 277 ўқувчидан 96 708 нафари (1,5%) касал ва жавоб сўраганлар, 49 569 нафари (0,8%) дарсга сабабсиз келмаганларни ташкил қилади.

Хусусан, дастлабки ўрганишларда жорий йил 6−8 февраль кунлари дарсларга сабабсиз 188 000 ўқувчи келмагани аниқланган.

Шунингдек, Миллий гвардия касаллик баҳонаси билан дарсга қатнашмаслик ҳолатларини ҳам ўрганиб чиққан.

«Биргина Қашқадарё вилояти мисолида олсак. Ўтган ҳафтада касал деб белгиланган ўқувчиларнинг уйларига бориб ўрганилганда 50 та ҳолатда касал эмаслиги, аксинча, сабабсиз дарсга келмагани аниқланган. Ўқувчиларнинг барчаси дарсларга қайтарилиб, ота-оналарига маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилди. Бу каби ҳолатлар Республикамизнинг барча ҳудудларида қайд этилган», — дейилади хабарда.

Таълим-тарбия борасидаги мажбуриятларни бажармаган 124 минг нафар ота-оналар расмий огоҳлантирилди, тўрт мингга яқинига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) кўра маъмурий чора кўрилди.

Сабабсиз дарсга келмай юрган ўқувчиларни мактабга қайтариш бўйича 104 минг нафардан ортиқ ота-оналар билан жойларда учрашувлар ўтказилди. Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида республикадаги мактабларда давомат ижобий томонга ўзгариб, дарсга келмаётган ўқувчилар кунига ўртача 30 мингтага камайиб бормоқда, дея тушунтирди Миллий гвардия ходими.

Шунингдек, тизим вакилининг сўзларига кўра, мактабларда дарс бошланиши билан келмаган ўқувчилар тўғрисида ўқитувчиларнинг ўз вақтида инспектор-психологга маълумот бермоқда. Инспектор психолог маҳалла раислари билан бирга ўқувчининг ота-онаси билан учрашиб, ҳолатга аниқлик киритмоқда. Бу билан мактаб директори ва ўқитувчиларнинг давоматга умуман жавоб бермаслиги ва дарсларни сифатли ўтишига имкон яратилди, дейилади хабарда.

Келтирилишича, 6 февраль кунидан 7 март кунига қадар янги тизимда амалга оширилган ишлар натижасида, 1 млн 769 минг нафар ўқувчи мактабларга қайтарилди. Ҳозирда республика бўйича давомат 97,7 фоизга етди.

Миллий гвардия мактабга қандай келиб қолди?

Шавкат Мирзиёев 5 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда ўтган йили вояга етмаганлар 3,5 минг жиноят содир этгани, 50 минг нафар бола мунтазам равишда мактабга бормаётганини айтганди.

«Нима учун ҳокимлар ҳар ҳафтада битта мактабга бориб, ўқувчиларнинг шароити ва тарбияси билан шуғулланмайди? Ахир Болалар масаласи бўйича миллий комиссияга ҳокимлар масъул эмасми? Мактаблардаги 2000 та инспектор-психолог штати Ички ишлар [вазирлиги]дан Миллий гвардия ўтказилади. Жўраев (Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев — таҳр.) икки ой муддатда ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш орқали уларда «ҳуқуқбузарликларга қарши иммунитет»ни яратиш бўйича тизим қилади», — деди давлат раҳбари.

Президент Рустам Жўраевга мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова билан биргаликда «энг оғир 1000 та мактабларда давоматни яхшилаш тажрибасини жорий этиш» бўйича топшириқ берди. Шунингдек, Миллий гвардия бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, касбга йўналтириш, тарбиялаш бўйича ота-оналар, маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда иш олиб бориш тизимини яратиш устида ишлайди.

«Тарбияси ва ўқишида муаммо бўлган ўқувчиларнинг ота-оналари ва маҳалла фаоллари билан шуғулланиб, муаммоларни ечишга қаратилган аниқ чоралар кўради. Агар мактабнинг ичига бутун халқ, бутун жамоат билан кирмасак, натижа бўлмайди», — деганди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда мактаб инспекторлари ва психологлар таркиби Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардияга ўтказилган. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда махсус ишчи гуруҳ тузилгандан сўнг Миллий гвардия ходимлари ҳар куни мактабларга бориб, давомат ва ўқувчиларнинг билим олишига доир масалалар билан шуғулланмоқда.

«Газета.uz» аввалроқ, инспектор-психолог ўзи кимлиги, унинг вазифалари нималардан иборат экани ҳақида Миллий гвардия марказий девони бошқарма бошлиғи Зафар Алимов билан ходимларнинг мавжуд ваколатлари ҳақида суҳбатлашганди.