Бир асрдан буён нашр этиб келинаётган «Муштум» журнали ва унинг ижтимоий тармоқлардаги барча саҳифалари фаолияти иқтисодий қийинчиликлар сабабли вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда нашрнинг Telegram каналида маълум қилинди.

Журнал бош муҳаррири Носиржон Тошматов 2023 йилда «Газета.uz»га берган интервьюсида «Мустақилликнинг илк йилларидаги иқтисодий қийинчиликлар, синовлар босма матбуотга ҳам таъсир кўрсатиб, тиражлар тушиб бораверди. Ҳозирги кунда журнал 5 минг нусхада чоп этиляпти», деганди.

У шу вақтгача «Муштум» икки марта фаолиятини вақтинча тўхтатиб туришга мажбур бўлганини қайд этганди. Биринчи сафар — Иккинчи Жаҳон уруши туфайли 1941−1951 йилларда; иккинчи марта эса коронавирус пандемиясида, иқтисодий қийинчиликлар сабабли вақтинча тўхтатиб турилган. Орадан бир йил ўтиб, 2021 йилдан журнал яна чиқа бошлаган.

«Муштум» қандай қилиб шу кунгача сақланиб қолди? Халқимиз кулгисевар, сўзни санъат даражасида ишлатади, сатирага муносабати яхши — шу боис ҳали ҳам муштарийлар бор, муштарийлар сабабли журнал ҳам тирик. Бундан ташқари, «Муштум»нинг ҳамон нафас олишига беминнат ёрдам бериб келаётган саховатпеша ватандошларимизни ҳам эътироф этиб ўтиш зарур — улар шарофати билан миллатнинг маънавий хазинаси қўллаб-қувватланмоқда», — деган эди Носиржон Тошматов.

Журналнинг фаолияти вақтинча тўхтатилгани тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Хусусан, Telegram`даги «Журналистика.uz» канали мазкур ҳолатга нисбатан муносабат билдираркан, «жадидларни улуғлашга қаратилган роликлару тадбирларга миллиардлар, улар асос солган «Муштум»га эса «замбаракнинг ўқи», деган фикрларни қайд этган. «Тармоққа масъул агентлигу, уюшмалар ўз пиари учун медиамарказлар, «ҳўжакўрсин» тадбирлар, ўзларига ёқадиган ижодкорларни табриклаш учун қилинаётган танловлар, сафару саёҳатлар, роликларга миллиардларни сарфлаётган бир вақтда тарихий нашримиз ёпилиш арафасига келиб қолди», — дейилади «Журналистика.uz» Telegram каналида.

Жамоатчилик фаоли Шаҳноза Соатова Абдулла Қодирийдан мерос нашрни давлат муҳофазасига олиши кераклигини билдирди.

«Янги нашрлар очган яхши-ю, бироқ эскиларини бой берсак, жадид боболар ғояларига эҳтиром қайда қолади? „Муштум“ бизнинг моддий-номоддий қадриятимиз, Абдулла Қодирийдан мерос нашр. Юз йиллик бренд десак ҳам бўлади. Уни давлат муҳофазасига олиш керак. Худди шундай „Туркистон“, „Ўзбекистон адабиёти ва санъати“, „Гулистон“, „Ёш куч“ каби отахон нашрларни ҳам асраб қолиш керак. Янги нашрлар ўз тарихини нолдан бошлаб янги Ўзбекистоннинг мероси бўлиб қолаверсин. Эскиларга тегмайлик, асрайлик. Чунки тарихда нафақат „янги“ бўлиб, балки „бузмаган, асраган ва авлодларга етказган“ бўлиб қолиш ҳам муҳим», — деган блогер.

Маълумот учун, «Муштум» журнали 1923 йилнинг 18 февралида тараққийпарвар зиёлилар Абдулла Қодирий ва Ғози Юнус томонидан асос солинган. Ушбу нашрда бир аср давомида чиққан ҳажвий, танқидий сурат ва мақолалар минглаб муаммо ва масалаларнинг ҳал қилинишига, камчиликларнинг тузатилишига ёрдам берди. У қай бир даврда жадидларнинг кўзгуси, кейинги даврда советларнинг тарғибот қуроли бўлиб хизмат қилган бўлиши мумкин, аммо ҳар доим ўзи кўрган иллатлар, муаммолар, камчиликларга зарба беришга, уларни йўқ қилишга интилган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг майида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник «Муштум»ни 100 йиллик юбилейи билан табриклаш мақсадида журнал таҳририятида бўлган эди. У «Муштум»нинг мухлиси эканини ва элчихона журналга обуна бўлганини айтганди.