Фарғона шаҳри марказидаги сунъий кўл ўрни «дом», меҳмонхона, ресторан ва савдо мажмуаси қуриш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан қурилиш фирмасига бериб юборилгани маълум бўлди. Бу вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг президент қарорига нотўғри ишора қилиб, «бино ва иншоотларни» берганлик ниқоби остида ер ажратиш тўғрисидаги қароридан келиб чиққан. Бунга Kun.uz эътибор қаратди. ЎзА ҳам бу ҳақда хабар берди.

Мазкур кўл 2020 йилда 1 млрд сўмдан ортиқ маблағ ҳисобига таъмирланиб, байдарка ва каноэда эшкак эшиш спорт турининг ўқув базасига айлантирилганди.

Ваъда

ер ажратиш, сунъий кўл, фарғона

Фарғона шаҳри марказидаги майдони 2 гектардан ортиқроқ бўлган «Ёшлар кўли»нинг «тақдири» бир неча йилдан бери ноаниқ бўлиб келаётганди. 2021 йилда вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 321 млн сўм маблағ ажратилиб, кўл атрофини темир панжара билан ўраш ишлари олиб борилган. 2022 йилнинг декабр ойида 12 нафар тадбиркор вилоят ҳокимига туризм йўналишида режалаштирилаётган лойиҳаларини тақдим этган. Ҳокимлик матбуот хизматининг хабарида тақдимот давомида Фарғона шаҳридаги фойдаланилмай ётган Ёшлар кўли ўрнида давлат-хусусий шериклик тамойили асосида болалар учун кўнгилочар маскан ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ масала ҳам ижобий ечим топгани айтилганди.

«Фарғона ҳақиқати» газетасининг 2022 йил 30 декабр кунидаги сонида ҳам кўл билан боғлиқ мақола эълон қилинган. Унда таъкидланишича, «Ёшлар кўли» ўша вақтда вилоят сув спорт турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабига қарашли бўлган. 2020 йилда у ерда 1 млрд сўмдан ортиқ маблағ эвазига мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилган. Бунинг натижасида кўл сувга тўлдирилган ва у байдарка ва каноэда эшкак эшиш спорт турининг ўқув базасига айлантирилган.

Лекин бошланган ташаббус ниҳояланмай, ўлда-жўлда қолиб кетган. Сабаби, чуқурлиги 10, эни 80, узунлиги 260 метр бўлган кўлга сув тўлдириш учун насослар меъёрий қувватда ишламаган. Яъни ер остидан сув тортиб олишга сарфланадиган электр қуввати учун харажатларга пул топилмаган.

Мақолада Фарғона шаҳар ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Бобуржон Аҳмаджоновнинг ҳудудни ёшлар учун маданий-маърифий марказга айлантириш, бунинг учун 2023 йилнинг бошларидан қурилиш ишлари бошланиши ҳақидаги фикрлари келтирилган.

ер ажратиш, сунъий кўл, фарғона

Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов эса «Ёшлар кўли»га «Ёшлар шаҳарчаси» қиёфаси берилиши ҳақида гапирган.

«Тан олиш керак, вилоятимиз туризм салоҳияти бўйича республикада илғорлар сафида бўлса-да, ҳануз «Ёшлар шаҳарчаси» мавжуд эмас. Бунинг учун жуда тез фурсатларда «Ёшлар кўли»га ҳақиқий маънода «Ёшлар шаҳарчаси» қиёфасини бериш устида иш олиб бормоқдамиз. Эндиликда кўл соҳиллари тун-у кун фарғоналикларнинг қадами узилмайдиган гўшага айланади. Ҳозирча бу хусусида аниқ бир нарса дейиш қийин. Чунки тадбиркор лойиҳа устида ўрганишлар олиб бормоқда. Қувонарли томони шундаки, келгуси йил давомида «Ёшлар кўли»да улкан лойиҳа амалга оширилиши натижасида болалар учун Disney Land, Ёшлар боғи каби замонавий кўнгилочар мажмуалар қад ростлайди, фавворалар қурилади», деган у. Аммо орадан бир йил ўтиб, бу ваъдаларнинг бари чўпчак экани маълум бўлмоқда.

Ёшлардан тортиб олинаётган «Ёшлар кўли»

2024 йил февраль ойига келиб, «Ёшлар кўли»нинг ўрнида вилоят ҳокими ўринбосари айтгани каби фавворалар отилиб турган, боғлари бўлган кўнгилочар маскан эмас, кўп қаватли уйлар қурилиши маълум бўлди: кўл ўрни қурилиш фирмасига бериб юборилди.

Фарғона вилояти ҳокими 2024 йилнинг 29 январь куни «Фарғона шаҳридаги бўш турган бино-иншоотлардан самарали фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги қарорни қабул қилган. Ҳужжатда фақатгина битта жой — шаҳар марказидаги «Ёшлар кўли» ҳақида гап боради.

Қарорга кўра, «Ёшлар кўли» бино-иншоотларига 6 млн АҚШ доллари хорижий ҳамда 90 млрд сўм ички инвестиция киритиш, меҳмонхона, ресторан, савдо мажмуаси лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда 100 тадан кам бўлмаган янги иш ўрни яратиш шарти билан Unays building МЧЖга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бириктириб берилган. Ҳоким қарорида Unays building МЧЖ ҳудудда меҳмонхона, ресторан, савдо мажмуаси билан бир қаторда кўп қаватли турар жойлар қуриши ҳам белгилаб қўйилган.

ер ажратиш, сунъий кўл, фарғона

ер ажратиш, сунъий кўл, фарғона

Фарғона вилояти ҳокимининг юқоридаги қарорига ҳуқуқий асос сифатида президентнинг 2019 йил 7 мартдаги «Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4231-сонли қарори келтирилган. Аммо президентнинг мазкур қарори талаблари Хайрулло Бозоров қабул қилган қарор билан «келишмайди».

Президент қарорида вилоят ҳокимларига шаҳар ва туманлар марказларида фойдаланилмасдан турган биноларни тадбиркорлик субъектларига уларда ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш лойиҳаларини амалга ошириш шарти асосида доимий ёки узоқ муддатга фойдаланиш ҳуқуқи билан бериш вазифалари юклатилган. Яъни давлат раҳбари қарорида фойдаланилмай турган бинони у ерда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун тадбиркорга бериш назарда тутилган.

Фарғона вилояти ҳокими эса ўз қарори билан «бино ва иншоотлар» «ниқоби»ни кийдирган ҳолда «Ёшлар кўли»нинг 2,2 гектарлик ҳудудини қурилиш фирмасига «дом» қуриш учун бериб юбормоқда. Аслида, Хайрулло Бозоров бино эмас, ерни ажратган. Сабаби, «Ёшлар кўли»нинг меҳмонхона, ресторан, савдо мажмуаси ёки кўп қаватли турар жойга айлантириладиган биноси йўқ. У ўз номи билан сунъий кўл, яъни ер майдони ҳисобланади.

Президентнинг 2021 йил 8 июндаги тегишли фармони билан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер участкаларини тўғридан тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, келгусида ажратиш учун захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш ваколатлари, улар юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилинган. Аммо, битта қарор билан минглаб гектар ерлар тақдирини ҳал қилиб келган ҳокимлар бу ваколатдан мосуволикни ҳазм қилолмаётганликларини аҳён-аҳёнда фош қилиб қўймоқдалар.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг Unays building МЧЖга тўғридан тўғри ер ажратиш бўйича қарори 2024 йил 29 январь куни қабул қилинган. Корхона қарор чиқишидан 24 кун олдин, 2024 йил 5 январь куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Очиқ маълумотларга эътибор қаратилса, аввалига МЧЖнинг устав капитали 7 млрд сўм ҳамда таъсисчиси 100 фоизлик улуш билан Раҳимов Элдор Ҳабибович бўлган. Аммо кўп ўтмай, Элдор Раҳимов МЧЖ раҳбарига айланган, таъсисчилик эса 100 фоизлик улуш билан He Veilu исмли шахсга ўтган. Шунингдек, МЧЖ устав капитали 1 млрд сўмга туширилган.

ер ажратиш, сунъий кўл, фарғона

«Газета.uz» бу борада изоҳ олиш учун Фарғона вилояти ҳокимлиги билан боғлана олмади. 2022 йил октябрь ойида жамоатчилик танқидидан сўнг Андижондаги ташландиқ Нодирабегим боғи ва ундаги қуриган кўлни (собиқ Комсомол) тиклашга киришилди. Уч йил муқаддам вилоят раҳбари шаҳар ҳокимини танқид қилиб, боғни реконструкция қилишга ажратилган маблағларни талон-торож қилиб, Туркияга қочиб кетганини айтганди.