Андижонда ташландиқ ҳолдаги Нодирабегим боғини реконструкция қилиш ва «Комсомол кўли» номи билан машҳур қуриб қолган кўлни тиклаш ишлари бошланди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Манба: Андижон вилояти ҳокимлиги.

Боғнинг умумий майдони 16 гектар бўлиб, шундан 6 гектарини кўл эгаллайди. Аммо 1955 йилда Андижон шаҳар халқ депутатлари Кенгаши томонидан кўл учун 14,5 гектар майдон ажратилган.

Вилоят ҳокимлигидан маълум қилинишича, боғ узоқ муддатга ёпилган. Сентябрь ойида Twitter фойдаланувчиси ҳудуднинг ўтмиши ва ҳозирги ҳолати акс этган қиёсий суратларни жойлаштирган эди.

Жамоатчилик танқидидан сўнг, дам олиш масканини тиклаш, жумладан, кўлни сув билан тўлдиришга қарор қилинди. Иш 1 октябрда бошланган.

«Вилоят ҳокими [Шуҳрат Абдураҳмонов] ташаббуси билан ҳудуд аввалги ҳолатига қайтарилади. Боғ фуқароларнинг маданий ҳордиқ чиқариши учун қулай масканга айланади», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Андижон ҳокими Ғофуржон Абдураҳмонов «Газета.uz» билан суҳбатда икки ой аввал Ҳиндистондан инвесторлар Нодирабегим боғига ташриф буюриб, бу ерда тиббий кластер ташкил этишни таклиф қилганини айтди.

«Бу ҳақда вилоят ҳокимига хабар берганимизда, қарорни халқ қабул қилиши кераклигини айтди. 10 кун аввал ҳоким ташаббуси билан боғни ободонлаштириш ишлари бошланди. Аҳолининг таклифи ва илтимосига кўра кўл қайта тикланмоқда. Кўл учун сув очилди, бир неча кундан кейин у бутунлай тўлдирилади. Айни кунга қадар бу ерда байдарка спорти билан шуғулланаётган спортчилар машғулотлар ўтказмоқда. Қайиқлар ва аттрационлар келтирилди. Игнабаргли ва бошқа манзарали дарахтлар ўтқазилмоқда», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, бир ҳафта ичида ободонлаштириш ишлари якунланиб, боғ оилавий дам олиш масканига айланади.

Нима учун боғ бундай ҳолга тушиб қолди?

Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев 2016 йил 7 декабрдаги қарори билан боғни узайтириш имконияти ва реконструкция ишларини олиб бориш мажбурияти билан 10 йил муддатга Тошкентнинг Green Land Invest компаниясига ажратиб берган эди.

Аммо орадан бир йил ўтиб, 2017 йил 30 январь куни Раҳматуллаев аввалги қарорини бекор қилиб, «Нодирабегим» боғини 10 йил муддатга узайтириш имконияти ва реконструкция қилиш мажбурияти билан Qurilish-Lizing Servis ихтиёрига ўтказди. Бунинг учун корхона Ўзмиллийбанкнинг Тошкент шаҳридаги Шайхонтоҳур филиалидан 14,5 миллиард сўм миқдорида кредит олди. Шу билан бирга, боғ ҳудудидаги бино ва иншоотлар гаров сифатида шартномага киритилган.

Бироқ тадбиркор ўз мажбуриятини бажармагани, Qurilish-Lizing Servis таъсисчилари аттракцион ва жиҳозларни талаб кетишгани айтилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан жамият таъсисчилари ва бошқа шахсларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-модда 3-қисми «а» банди (кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 181−1-модда 1-қисми (қасддан банкротлик), 192−11-моддаси 2-қисми «а» банди (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш, ўта кўп миқдорда зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов давом этмоқда, боғнинг кадастр ҳужжатлари прокуратура томонидан олиб қўйилган. Ҳозирда ҳокимлик боғни шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказиш устида ишламоқда.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов 2019 йил июнь ойида тарқатилган аудиоёзувда Андижон ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевни беҳаё сўзлар билан танқид қилган эди.

«Ўтган йили Нодирабегим боғи учун президентдан пул сўрагандим. Кеча қарасак: пул ҳам йўқ, қурувчилар ҳам. Ҳаммасини еб, Туркияга қочиб кетди. Ҳозир биз уни ушлаб, қайтариб олиб келдик», — деган эди у.

Реконструкция фотосурати

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.